Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 14 август куни “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш Институти фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор матни давлат раҳбари сайтида келтирилган

Ҳужжат билан Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди.

Институт – давлат муассасаси бўлиб, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилмоқда. Академия Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда Институт таъсисчиси ҳисобланади.

Муассаса фаолияти ёшлар муаммоларини ўрганиш, бу йўналишда илмий-тадқиқот ва таҳлилий фаолиятни олиб бориш, шунингдек, истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган.
 
Шу билан бирга, давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви ташкилотлари, жамоат ташкилотларининг истиқболли ёш кадрларини қайта тайёрлаш тахминан 4 ойлик давомийликка эга дастур асосида, асосий иш жойидаги фаолиятларининг тўхтатиб турилиши орқали олиб борилади, кейинчалик белгиланган намунадаги диплом берилади. Истиқболли ёш кадрларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари эса – давомийлиги 1 ойни ташкил этувчи қисқа муддатли дастур асосида, асосий иш жойидаги фаолиятлари тўхтатилган ва тўхтатилмаган ҳолда ўтказилади, кейинчалик уларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўқув курсларидан ўтиш истагида бўлган тингловчиларни танлаб олади. Улар давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқарувчи ташкилотлари, шунингдек, жамоат ташкилотлари томонидан тавсия этилади. Номзодлар 30 ёшгача бўлиши, таянч олий маълумот ва камида 2 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши лозим. Танлов суҳбатдан ўтказиш ва тест орқали амалга оширилади.

Асосий фаолиятлари тўхтатилган ҳолда таълим олувчи Институт эшитувчиларининг бу даврда асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолинади.

Институт директори мақом бўйича Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси проректорига тенглаштирилади, у Академия ректори томонидан Президентнинг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси тавсияси асосида лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Институт ходимларига Академиянинг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган иш ҳақи ва шароитлари, шунингдек, тиббий таъминот шартлари қўлланилади. Бундан ташқари, директор ойлик тариф ставкасининг 100 фоизига қадар бўлган устама ўрнатиши ва бошқа моддий рағбатлантириш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.