Мустақиллигимиз йилномасига назар соладиган булсак, қўхна, салобатли тарих олдида бир зумдек бўлиб кўринган фурсатда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган улкан, салмоқли ишлар амалга оширилганлигини кўрамиз. Энг катта, салмоқли ютуқларимиз — ҳаётимизнинг тубдан ўзгартирилаётганини, жаннатмонанд юртимиз шаҳар ва хиёбонларимизнинг чирой очиб боришидир. Буларни, албатта, «бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратиб келаётган» аёлларимизсиз тасаввур этиб бўлмайди.

1999 йил — «Аёллар йили»да чиқарилган фармонларда хотин-қизларнинг оила, жамият олдида тутган ўрни ва бурчи ниҳоятда масъулиятли ва шарафли эканлиги таъкидланган.

Аёл, она — буюк зот. У барча жамиятларда ва дунёда мавжуд минглаб тилларда юксак қадрланган ва эъзозланган. «Оналар оёғи остидадир беҳишти ризвон», яъни, «Жаннат оналар оёғи остидадир» дейилган ҳадисларда. «Миллатнинг келажаги оналар қўлидадир», деб ёзган эди француз адиби Оноре де Бальзак. Яна: «Аёли йиғламаган миллат бахтлидир», «Аёлингни асрагин, элим», «Аёл борки, олам мунаввар», деган қанотли иборалар бор.

Ҳа, оналар ёруғ ҳаёт, бахт, тўкин-сочинлик, файзу барака, тинч-тотув ҳаёт рамзидир. «Она замин», «Она Ватан», «Она табиат» деб аталиши ҳам шу боисдандир. Тарихий манбаларда хам бу мунис зотларнинг баркамоллиги, афсонавий имкониятлари тўғрисида жуда кўп маълумотлар бор. Улар васлида не-не шоиру уламолар қалам тебратган, мўътабар аёл сиймоси битмас туганмас илҳом сарчашмаси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Албатта, бу ҳақида қанча гапирсак, оздай туюлади. Аксарият аёлларимиз шунга жуда-жуда муносиб.

Ҳаёт лекин ўзининг ёзилмаган қонунларига ҳам эгадир. Ҳозирги бозор сиёсатининг иқтисодий қийинчиликлари аёлга ҳам, эркакка ҳам шафқат қилмай қолди. Табиатан зукко, теран фикрли, тадбиркор, мушоҳадали аёллар албатта, тезда вазиятга тушуниб, фаолиятини шунга мувофиқлаштириб, жамиятни ҳам, оиласини ҳам тўғри йўлга кирита оладилар. Зеро, рўзғор юритиш санъати, тежамкорлик, чуқур мулоҳаза, оиласи, фарзандларига чексиз муҳаббат, садоқатли, андиша, ибо каби хислатлар билан аёлни табиатнинг ўзи сийлаган.

Бир донишманд «агарда буюк ва фазилатли одамларга эҳтиёжингиз бўлса, аёлларга буюклик ва фазилатни ўргатингиз», деб айтган экан. Кузатишлар шу хулосага келаяптики, қайси оилада аёл фаросатли, дидли, адолатли-андишали бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бера олса, фарзандлар маънавиятли бўлиб вояга етади.

Шуниси маълумки, умрини фақат пул топиш учун фидо қилиб яшаётган аёлларнинг маънавий қиёфаси ҳам, сўз бойлиги ҳам, ҳаёт, бахт тўғрсидаги тасаввурлари ҳам ниҳоятда сайқалашиб, қашшоқланиб қоларкан. Тарбиясида фарзандлари ҳам аёл табиатига мослашиб бораркан. Натижада, маънавий озуқадан узоқлашиб, маънавий қашшоқлар кўпайиб бормоқда. Камалакнинг ҳамма рангларида минг хилда жилоланаётган, чинакам гўзал ҳаётни фақат бир хил рангда кўраётган руҳий тушкун аёллар ҳам учраб турибди.

Тушунарлики, аёл маънавияти муамоси ҳозирги кундаги энг долзарб муаммога айланган. Биз бу муаммоларимизни ҳал этишда оз бўлсада ўз ҳиссамизни педагог сифатида қўшаяпмиз ва шу мақсадда хотин-қизлар билан ишлаш борасида халқаро миқёсдаги тажрибаларга суяниб, баъзи бир тадбирларни ишлаб чиқдик. Педагог сифатида, ўқитаётган талабаларимизнинг маънавий-руҳий тушкун аҳволидан хабар олиб, керакли маслаҳатларни беришимиз керак.

Уйлаймизки, бу йўлдаги фаолиятимиз давлатимизнинг ҳозирги кунда хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлигига ҳамоҳанг бўлади.

Хотин-қизларнинг оиладаги, давлат ва жамиятдаги ролини кучайтириш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича 2017 йилга мўлжалланган тадбирларнинг Давлат дастурида аёлларимизнинг жамиятдаги мавқеини  мустаҳкамлаш, ролини ошириш борасида жуда кенг қамровли, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ3434 сонли фармойиш ижросини таъминлаш чора-тадбирлари дастурини маъқуллаган ҳолда институт ва коллежлар ўртасида кенг қамровли маърифий-тарбиявий ишлар олиб борилмоқда.

Биз уларнинг барчасига қўшилган ҳолда, айниқса, хотин-қизларнинг миллий анъаналар ва урф одатларнинг шаклланишидаги роли ва ўрни, хотин-қизларнинг демократик жамиятдаги хуқуқлари ва ўрни масалалари, хуқуқий саводхонлигини ошириш, оила иқтисодиёти ва бозор, ҳозирги замон аёли масалаларига алоҳида эътибор бердик.

Чунки соғлом аёл ва унинг жамиятдаги комил инсон тарбиялаш ролини кучайтириш пировард мақсадимиздир.

 

Эътибор УСМАНОВА,

Самарқанд педагогига коллежи ўқитувчиси.

Азиза ҚЎЛДАШЕВА,

СамДАҚИ ўқитувчиси.