АҚШ Украинадан КХДРга ракета двигателларининг етказиб берилиши ҳақидаги хабарларга жиддий эътибор қаратди, дея маълум қилди Давлат департаментининг расмий вакили Ҳизер Науэрт.

"Албатта, биз бу хабарлар ҳақида биламиз. Агарда бундай ҳолат рўй берган бўлса, бу масалани жуда жиддий қабул қиламиз", - дея маълум қилди Науэрт брифингда.

Аввалроқ The New York Times газетаси КХДР қитъалараро баллистик ракеталарининг муваффақиятли синовлари кучли ракета двигатели туфайли рўй бергани, улар, афтидан, Украинанинг “Южмаш” заводидан олингани ҳақида хабар берганди. Нашр Стратегик тадқиқотлар халқаро институти экспертлари ҳисоботи маълумотларига таянган.

Кейинчалик Украина миллий хавфсизлик хизмати котиби Александр Турчинов мамлакат мудофаа ва авиафазовий мажмуалари Шимолий Кореяга қурол ва ҳарбий технологияларни етказиб бермагани ҳақида маълум қилди

Украина XX аср охирида қурол-яроғ етказиб берувчи экспортчиларнинг биринчи йигирматалигига кирган ҳамда, Стокҳольм тинчлик муаммоларини тадқиқот қилиш институти маълумотига кўра, 2013 йилда рейтингда саккизинчи ўринни эгаллаган. Мамлакат Советлар Иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг, кўп йиллар давомида ўша даврдаги қурол-яроғлар – артиллерия қурилмалари, зирҳли техника ва авиацияни – Хитой, Ироқ, Нигерия, Таиланд, Судан, Эфиопияга сотган.