Инсон қандайдир маълум бир муваффақиятга эришса уни қутлаган маъқул. Сабаби, машойихлар бежиз: “Ҳар нарсадан яхши гумонда бўлинг” демаганлар.

Андижон тиббиёт институтида ўтказилган тест синовларида бир абитуриентнинг энг юқори - 306,9 балл тўплаганини эшитиб, талаба мақомига эга бўлган ўша йигит ким экани ва имтиҳонларга қандай тайёргарлик кўргани билан қизиқдик.

Бобурбек Мадраҳимов - оддийгина қишлоқ йигити. Андижон вилоятининг Избоскан тумани Юқори маҳалласида яшайди. Тиббиётчилар оиласида туғилган. Отаси Равшанбек - уролог, онаси Ҳамидахон - доя.

У 2013 йили тиббиёт институти қошидаги академик лицейни битирган.

“Лицейни тугатганимдан сўнг йиллар давомида ўқишга киришга ҳаракат қилдим, тайёрлов курсларида ҳам роса шуғулланганман. Шундан сўнг ҳарбий хизматни Сурхондарёнинг Сариосиё туманида ўтадим ва тегишли имтиёзга эга бўлдим. Ўтган йили мазкур институтга кириш балларим озгина етмай қолиб, университетнинг биология факультетида ўқишни тавсия қилишганида хоҳламаганман. Сабаби, мақсадим тиббиёт ходими бўлиш эди. Бир йил давомида Андижон давлат университетининг етакчи педагоглари ёрдамида билимимни янада мустаҳкамлаб, бу йилги тест синовларида 203.5 балл натижасига эришибман. Ҳарбий имтиёзга эга абитуриент сифатида менга тўплаган балларимнинг 50 фоизи ҳам тақдим қилинди. Академик лицей, тайёрлов курслари ва устозлардан олган билимим орқали 203 балл тўплаганим меҳнатларим самараси деб биламан”, - дейди Бобурбек.

Бу йили Олий ўқув юртларида жорий йилги тест синовларига катта тайёргарлик кўрилиб, синовларни ҳар томонлама шаффоф ўтказишга ҳаракат қилинди. Жумладан, Андижон тиббиёт институтида ҳам тест имтиҳонларига масъулият билан ёндашилган.

Биз Бобурбек Мадраҳимовни талаба бўлгани билан табриклаймиз.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон