Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Усмон Дембеле машғулотларга қайтарилди. Аммо унга жамоадошлари билан сўзлашиш тақиқланди. Бу ҳақда Get Footbal News Germany хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, 20 ёшли бу ҳужумчи клубдошларидан алоҳида шуғулланади. Қайд этилишича, унга клубдошлари билан сўзлашиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу футболчи «Барселона»дан ўзи учун келган таклифлар рад этилгач, норозилигини очиқ билдириб, машғулотлардан бирига келмаганди. Шундан сўнг, клуб уни номаълум муддатга жамоадан четлатган, унга катта жарима қўллаганди.

Каталонияликлар клуби Дембелени Неймарга ўринбосар сифатида кўрмоқда ва унинг учун 100 миллион евро сарфлашга тайёр. Аммо «Боруссия» бу ҳужумчиси учун 150 миллион евролик нарх белгилаб қўйган.

Дембеле ўтган йил ёзида Франциянинг «Ренн» клубидан «Боруссия»га келган. Ўтган мавсумда у дортмундликлар учун барча турнирлар доирасида 49 учрашувда майдонга тушиб 10 гол урган ҳамда 21 голга узатма берган.