16 августда Африкадан Испанияга денгиз орқали етиб олмоқчи бўлган 340 га яқин одам қутқариб олинди. Бу ҳақда Денгизда қутқариш хизмати маълум қилди.

“Бугун қутқариб олинганларнинг умумий сони 339 кишини ташкил қилди. Уларнинг барчаси Тарифага етказилган”, деб айтилган хизмат хабарида. Қутқарувчиларнинг маълумотларига кўра, муҳожирлар Испания соҳилларига 4 та кемада келишган. 

2017 йил бошидан Испанияга келган ноқонуний муҳожирлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 марта кўпайган. Январдан июнгача мамлакатга 10751 муҳожир келган. Июнь ойининг ўзида 2189 киши Гибралтар бўғозини дамланган қайиқларда кесиб ўтмоқчи бўлган, 3209 киши эса Испания чегарасини Сеута ва Мелильада (Испаниянинг Африка шимолидаги анклавлари) кесиб ўтган. Бир неча ҳафта олдин Испания соҳилларига етиб боришга уринишда Альборан денгизида 49 киши ҳалок бўлганди.