Украина давлат космик агентлиги раиси вазифасини бажарувчи Юрий Радченконинг маълум қилишича, Россия ракеталардан Украина двигателларини олиб, уларни КХДРга берган бўлиши мумкин, деб хабар қилмоқда «Укринформ».

«Россия бугун 7 тадан 20 тага қадар бўлган «Циклон-2» ва «Циклон-3» ракеталарига эга, уларда айнан шу двигателлар (РД-250) бор. Ҳужжатлар ҳам бор», - деди у.

Унинг сўзларига кўра, ушбу двигателлар аввал Украинада тайёрланган бўлиб, кейинчалик Россияга рус космик дастурига мувофиқ ракеталар таркибида етказиб берилган.

Радченко бу двигателлар КХДРга айнан Россиядан келиб тушган бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

«Улар тайёр маҳсулотлар ҳисобидан бу двигателларни исталган давлатга етказиб бериши мумкин. Бу истисно этилмайди, айниқса, Россия ва Шимолий Кореянинг шериклик муносабатларини ҳисобга олсак», - дея таъкидлаб ўтди у.

Аввалроқ The New York Times газетаси КХДР қитъалараро баллистик ракеталарининг муваффақиятли синовлари кучли ракета двигатели туфайли рўй бергани, улар, афтидан, Украинанинг “Южмаш” заводидан олингани ҳақида хабар берганди. Нашр Стратегик тадқиқотлар халқаро институти экспертлари ҳисоботи маълумотларига таянган.

Кейинчалик Украина миллий хавфсизлик хизмати котиби Александр Турчинов мамлакат мудофаа ва авиафазовий мажмуалари Шимолий Кореяга қурол ва ҳарбий технологияларни етказиб бермагани ҳақида маълум қилди. 

АҚШ ҳам Украинадан КХДРга двигателлар етказиб берилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.