2017 йилнинг 16 август куни Қирғизистон пойтахтида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бошланди.

Йиғилиш Қирғизистон бош вазири Сўронбой Женбеков ҳамда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг раислигида ўтмоқда. Йиғилишнинг бошланишидан аввал ҳар икки республика ҳукумат раҳбарлари қисқа таркибда учрашув ўтказди.

«Сиз билан учрашиб турганимдан жуда хурсандман. Таъкидлаб ўтиш лозимки, 2017 йилнинг 4 июль куни «Тошкент – Томчи» тўғридан тўғри авиарейси очилди, у Ўзбекистон фуқароларига Иссиқкўл кўлида бемалол дам олишга имконият беради. Ўзбекистон Республикаси билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш Қирғизистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган икки томонлама муносабатлар фаоллашганини таъкидлаб ўтишдан хурсандман. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг сўнгги йиғилиши 2009 йилда ўтказилганди. Ҳукуматлараро комиссия икки томонлама масалаларни муҳокама қилиш учун яхши майдончадир», - дея қайд этган Қирғизистон бош вазири.

Шунингдек, бугун, 16 август куни, икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлангандан сўнг, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация ҳамда демаркация қилиш бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳам ўтказилади.

Аввалроқ Арипов Алмазбек Атамбоев билан учрашгани хабар берилганди.