Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Литва Республикаси Ташқи ишлар вазири Линас Линкевичиусга мактуб йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

“Мен Сизни муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси ва Литва Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан улкан мамнуният ила табриклайман”, - дея бошланади мактуб.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Литвани узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда яққол натижаларга эришган муҳим халқаро ҳамкор сифатида кўради.

“Биз мамлакатларимиз ўртасида шаклланган ўзаро манфаатли алоқаларни ҳамда барча даражалардаги очиқ ва конструктив руҳдаги мулоқотни юқори баҳолаймиз”, - дейилади мактубда.

Ўзбекистон ўзаро ташрифлар амалиёти ва Литва билан сиёсий ва парламентлараро йўналишда, иқтисод ва саноат, маданият ва санъат соҳаларида муносабатларни янада изчил кенгайтиришни давом эттиради.

“Аминманки, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни бирдек инобатга олишга асосланган Ўзбекистон-Литва шериклиги бизнинг халқларимиз фаровонлиги йўлида келгуси йилларда ҳам мустаҳкамланишда давом этади”, - дея якун ясалган Комиловнинг мактубига.