Макка шаҳрида Муқаддас Каъбанинг ёпинчиғи – Кисванинг кўргазмаси очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Халқаро алоқалар бўлими хабар бермоқда.  Кўргазмага ташриф буюрувчилар Каъба ёпинчиғи узоқ асрлар давомида қандай бўлгани ва ҳозирги кунга келиб қай ҳолатдалигини кўришлари мумкин. Шунингдек, кўргазмада Кисвани тайёрлашда ишлатиладиган ускуналар, мато ва ипак маҳсулотлари ҳам намойиш этилмоқда.

Кисвани тайёрлаш хийла машаққатли иш бўлиб, бундай шарафли иш устида 240 нафар ҳунарманд ва техник мутахассис уч ой меҳнат қилади. Кисвага ҳажга алоқадор оятлар ёзилади. Каъба ёпинчиғини тайёрлаш учун Саудия Арабистони ҳукумати 1927 йилда алоҳида устахона ташкил қилган ва ҳозирги кунга келиб кисва тайёрлашга 17 миллион саудия рияли (4,5 миллион доллар) сарфланади.

Кисванинг олтин иплар билан нақшлар солиб тикиладиган матосининг ўзига 450 кг ипак сарфланади. Ҳар йили иккита кисва тайёрланади. Бири Каъбанинг устига ёпилса, иккинчиси, ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўйилади.

Каъбага янги ёпинчиқ ёпиш пайтида ҳожилар Арафот тоғида ҳаж амалларини бажараётган бўлишади. Бу ишни бир қанча маҳаллий ходимлар махсус кўтарма ускуналар ёрдамида амалга оширишади.