Бугун, чоршанба куни Мексика, АҚШ ва Канада вакиллари "Шимолий Америка эркин савдо шартномаси" (NAFTA​) фаолиятини ислоҳ қилиш ва қўшимчалар киритиш борасида учрашув ўтказиши режалаштирилган. Бундан аввал, АҚШ президенти маъмурияти томонидан таклиф қилинган "Америка биринчи" тажрибаси шимол ва жанубдаги қўшни мамлакат расмийлари томонидан қандай қарши олиниши номаълум бўлиб қолмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп мазкур шартнома оқибатида кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари арзон ишчи кучи кўп бўлган Мексикага кўчиб ўтаётганлигидан норози бўлган. Унинг фикрича, янги тажрибани жорий этиш миллий иқтисодиётни ташқи хавфдан қутқариб қолади.

У ўзининг президентлик сайловолди кампанияси давомида барча тарғибот нутқларида савдо муносабатлари ва ишчи ўрни тўғрисида кўп гапирган эди. Шундай қилиб, лавозимига киришган ойнинг ўзида Транс-Тинч океани савдо ҳамкорлигидан чиқиши эълон қилди, тез орада Хитой валютаси ҳамда NAFTA ҳақида ҳам салбий фикрлар билдира бошлади.

1994 йил илк бор амалиётга киритилган NAFTA оқибатида Канада-АҚШ-Мексиканинг умумий савдо айланмаси тўрт баробарга ошиб, 2015 йилда бу кўрсаткич 1 триллион АҚШ долларига тенг бўлган. Ушбу шартнома тузилган пайт иқтисодий манфаатлар сиёсий хоҳиш-истак учун хизмат қилиш аён эди, аммо ҳозирги даврга келиб, биринчи ўринда иқтисодий манфаат устун бўлиб қолди.