Вазирлар Маҳкамасининг 31.07.2017 йилдаги 562-сон «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Мазкур низом Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида (ФЎЎБО) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибини белгилайди.

ФЎЎБОда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби

Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг бошқа масъул ходимлари томонидан қабул қилинади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига телефон орқали қилинган мурожаатлар оғзаки мурожаат ҳисобланади ва белгиланган тартибда рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки бошқа ваколатли шахслар томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин. Сайёр шахсий қабуллар вақтида масъул котиб ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг бошқа масъул ходимлари иштирок этиши мумкин. Сайёр шахсий қабулларни ўтказиш ҳақида маҳаллий ОАВда эълон қилинади.

Масъул котиб мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва унинг мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради. У мурожаатларни кўриб чиқиш қоидалари ва муддатлари бузилиши тўғрисида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни дарҳол хабардор қилади.