“Олмалиқ ТМК” АЖ “Ёшлик II” конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга 420 млн доллар йўналтиради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 15 август куни “Олмалиқ ТМК” АЖни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Ўзбекистон раҳбари умумий дастлабки қиймати 420 млн долларга тенг бўлган “Ёшлик II” конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифни маъқуллади.

Қарорда таъкидланишича, кон ер ости усулида, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 2 млн тонна руд қазиб олишни ташкил этган ҳолда ўзлаштирилади. Кон 2023 йилда лойиҳа қувватига чиқади.

Инвестиция лойиҳаси доирасида автомобиль йўллари, 35/6 кВ.лик икки занжирли электр узатиш линиялари, нимстанциялар, юклаш эстакадалари, компрессор станцияси ва муҳандислик инфратузилмасининг бошқа объектлари қурилади.

Лойиҳа “Олмалиқ ТМК” АЖнинг ўз маблағлари, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт Жамғармаси, “Ипотека-банк” ва “Асака” банклари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади. 

Президент қарорига кўра, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт Жамғармаси лойиҳани молиялаштириш учун камида 350 млн доллар ажратади. Кредит 15 йилга мўлжалланган бўлади.