Испания қироллиги футбол федерацияси (RFEF) «Реал»нинг Криштиану Роналду дисквалификацияси бўйича берган апелляциясини кўриб чиқди.

Шикоятни ўрганиб чиққан комиссия «Реал» даъвосини ўринсиз деб топди ва футболчининг дисквалификациясини ўз кучида қолдирди.

Бундан аввалроқ ушбу апелляция қисман қондирилиб, дисквалификация муддати қисқартирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Роналду Испания Суперкубоги учун «Барселона»га қарши кечган баҳснинг 82-дақиқасида бош ҳакам Рикардо Бенгоэчеа томонидан майдондан четлатилгач, уни қўли билан туртиб юборган эди.

RFEF Роналдунинг бу ҳаракатларини агрессив деб баҳолаб, уни қизил карта учун 1 ўйинга, ҳакамни туртгани учун 4 ўйинга дисквалификация қилди.

Энди Роналду «Барселона»га қарши 16 август оқшомида бўлиб ўтадиган Суперкубок жавоб ўйинини, шунингдек Испания чемпионати стартидаги «Депортиво», «Валенсия», «Леванте» ва «Реал Сосьедад»га қарши ўйинларни ўтказиб юборади.