Давлат органларига фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши қонун йўли билан белгилаб қўйилган. Таҳририятимизга айнан давлат органларига, айниқса, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаатлари жавобсиз қолиб кетаётган фуқаролардан кўплаб мактублар келиб тушади. Ана шундай мурожаатларнинг бирини сизнинг ва мутасаддиларнинг эътиборига ҳавола этишга жазм этдик.

“Мен Турсунмурод Хайдарович Мўминов, 1992 йил 12 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида туғилганман. Турсунмурод исмимни Муродга ўзгартириш истаги билан 2016 йил 18 май куни Шўрчи туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган эдим.

Мурожаатимга асосан Шўрчи туман ФҲДЁ бўлими 2016 йил 18 май куни №1631 сонли алоқа хати орқали Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 226-моддасига асосан Шўрчи туман ИИБга тегишли текширувни ўтказиш учун мурожаат йўллади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 166-бандига кўра, Ички ишлар органи тақдим қилинган ҳужжатларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқиши, ариза берувчининг фамилияси, исми, отасининг исмини ўзгартириш хусусида асосланган хулоса тузиши ва уни ФҲДЁ органига тақдим этиши керак.

Лекин 30 кундан бир нечтаси ўтди ҳам натижа йўқ. Шу сабабли 2016 йил 25 ноябрь куни шу муаммони кўтариб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Ушбу мурожаат юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ томонидан 2016 йил 9 декабрь куни масъул шахслар томонидан текширув ишлари олиб борилаётганлиги сабабли хулоса берилмасдан вақтинча тўхтатиб турилганлиги, текширув ишлари тугагандан кейин қўшимча равишда маълум қилинади дейилганига ҳам, мана, 9 ой бўлибди.

Ўз-ўзимни саволлар билан кўмиб ташладим: Наҳотки ҳуқуқ ва манфаатларимиз қонун билан кафолатланган ҳуқуқий-демократик давлатда яшаб туриб, исм танлаш ҳуқуқидан фойдалана олмасак?

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ижроси қаёқда қолди?”

Таҳририятимизга йўлланган мазкур мактуб ўз вақтида, тегишли мутасаддилар томонидан ўрганиб чиқилади, деб умид қиламиз. Зеро, мактуб эгаси тилга олганидек, биз ҳуқуқий-демократик давлатда яшаймиз ва бу жамиятда инсон манфаатлари барча нарсадан устундир.