Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларнинг миқдори ҳақида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилишлари шарт. Афсуски, мазкур талабларга риоя қилмай тилла ва заргарлик буюмларини яширин йўллар билан олиб киришга уринишлар ҳам кўзга ташланмоқда, деб хабар берди Кун.uz’га “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати.

Яқинда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари мазкур тартибларни бузишга уринган шахсларни фош қилишди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Бокудан учиб келган фуқаро Г.Казакова божхона кўригидан ўтказилганда, унинг қинғир қилмиши фош этилди. Бу аёл божхоначиларни чалғитишга уриниб, 5 жуфт зирак, 3 дона узук ва бошқа заргарлик буюмларини багажидаги кийимларнинг ички астарига қадаб қўйганча олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган ушбу тилла тақинчоқларнинг умумий оғирлиги 52 гр.ни ташкил қилди.

“Истанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Х.Жамалитдинованинг безовталаниши божхоначиларда бежизга шубҳа уйғотмаган экан. Холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, ушбу аёл жинсий аъзосига 107 гр. оғирликдаги заргарлик буюмларини яширгани аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошка идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 2017 йилнинг ўтган 7 ойи давомида аниқланган 89 та божхона коидабузарликлари натижасида қиймати 1,3 млрд. сўмдан ортиқ салкам 20 кг. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси худудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металлдан тайёрланган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.