Тожикистон ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажми жорий йилнинг етти ойи давомида 2 миллиард доллардан бироз кўпроқни ташкил этди. Бу 2016 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 9,2 фоизга камроқ, деб хабар берди «АП» Тожикистон президенти ҳузуридаги статистика бўйича агентликка асосан.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида товарлар экспорти 527 млн долларни ташкил қилди, бу ўтган йилнинг шу давридаги рақамдан 3,9 фоизга (20 млн долларга) кўп.

Маҳсулотлар импорти суммаси эса 1,5 млрд долларга тенг бўлди. Бу 2016 йилнинг январь-июль ойларидаги ҳажмдан 13,1 фоиз (224 млн доллар)га кам. Хусусан, машиналар ва ускуналар, қимматбаҳо бўлмаган металлар, кимё саноати маҳсулотларининг олиб кирилиши анча камайган.

Тожикистон ташқи савдо айланмаси ҳажми импортнинг қисқариши ҳисобидан учинчи йилдан бери камаймоқда. Ўтган йили Тожикистон бир ойда ўртача 250 млн долларлик маҳсулотларни импорт қилган. Жорий йилнинг етти ойи давомида бу кўрсаткич 38 млн долларга қисқарди – 212 млн доллар.

Тожикистоннинг асосий савдо шериклари жорий йилнинг бошидан Россия ва Қозоғистон бўлган. Тожикистон-Россия товар айланмаси кўрсатилган даврда 508 млн доллардан ортиқ ташкил этган бўлса, Қозоғистон билан ўзаро маҳсулот айланмаси 460 млн долларга тенг бўлди. 

Шу билан бирга, Тожикистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 43 фоизга тушиб кетиб, жорий йилнинг етти ойи якунлари бўйича 314 млн долларни ташкил қилди.