Туркияда террорчилик оқими ҳисобланувчи “Параллел давлат” (FETÖ) раҳбарларидан бири Адил Оксюз Германияда эканлиги ҳақидаги хабарлардан кейин расмий Анқара Берлинга норозилик нотасини йўллади.

Дипломатик манбалар маълумотларига кўра, турк ҳукумати Германия ташқи ишлар вазирлигидан бу маълумотни ҳар томонлама ўрганиб, террорчи жойи аниқланганда унинг ҳибсга олиниши ва экстрадиция қилинишини талаб қилган. 

Оксюз Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбийлари орасидан бўлган FETÖ тарафдорларининг “имоми” ҳисобланади. У Туркияда 2016 йил 15 июлда содир этилган давлат тўнтарувига уринишда фаол роль ўйнаган. 

Маълум қилинишича, террорчи Германиянинг бир нечта шаҳарларида пайқалган. Германия ташқи ишлар вазирлигида эса Оксюзнинг Германияда эканлиги ҳақидаги маълумотга эга эмасликлари айтилган, бироқ бу турк томонини қониқтирмаган.

Аввалроқ турк ОАВ Германиядаги турк диаспораси вакиллари Оксюзни Франкфурт ва Ульмада кўришганини ёзишган. Маълум қилинишича, Баден-Вюртемберг федерал ери раҳбарияти террорчига вақтинчалик яшашга рухсат берган.

Германияда бошпана бериш масалалари билан ташқи ишлар вазирлиги эмас, балки Миграция ва қочқинлар ишлари бўйича федерал бошқарма шуғулланади. Германия ҳукумати халқаро келишувларга асосланиб, бошпана сўраган шахслар ҳақида маълумот беришни рад этади.

Аввалроқ Германия ОАВ Туркиядаги давлат тўнтарувига уриниш барбод бўлгандан кейин FETÖ’нинг 4 мингга яқин тарафдори Германияга қочганини маълум қилганди.