Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими мудирига нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди, кимлигини айтмаган одам қуюқ сўрашди ва ўзини таништирган бўлди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

-  Мен юқори идорада ишлайман, ҳудудингизга тегишли чекка қишлоқда яшовчи Санжар Пардаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бизнинг вакил бўлади. Чекка ҳудудлардаги аҳволдан хабардор бўлиш учун шу жойдаги мактабга жойлаб қўйинг!

Мудир ҳайрон бўлди. Кейин ўша мактаб директорига қўнғироқ қилиб, бўш иш ўрни бор-йўқлигини суриштирди. Дарс соатлар бор экан. Икки кун ўтиб унинг қабулига Санжар Пардаевнинг ўзи кириб келди.

-  Мен ўша айтилган одамман.

Мудир ҳужжатларини текшириб кўрди. “Ҳаммаси жойида экан, мактабда иш бор, директорга учрашинг”, деди.

Санжар Пардаев сирли жилмайганча мактабга ишга жойлашди. Топқирлигидан қувонди. Фирибгарлик йўли билан буни амалга оширди. Келажак эгалари бўлган болакайлар ундан дарс ола бошлади.

Кўп ўтмай фирибгар йигитнинг кўнгли бировлардан пул ундиришни тусаб қолди.

Қўшни қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини котиби Гулсанам Исломованинг телефон рақамини қўлга киритгач, ишга киришди, яъни қўнғироқ қилди:

-  Мен ўша юқориданман. Маҳаллангизда ишлайдиган ходимларнинг ҳужжатларидан нусха тайёрланг, кейин уларни пойтахтга юборамиз, “почта” харажатини ҳам беринг, одам юбораман, - деди.

Кўнгли ниманидир сезган маҳалла котиби бу ҳақда маҳалла раисини огоҳлантирди. Раис эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берди.

Орадан уч кун ўтиб, бошқа рақамдан қўнғироқ бўлди:

-  Опа, ҳужжатлар тайёрми, тайёр бўлса, фалон мактабда бизнинг вакилимиз бор, ўшанга етказинг.

Маҳалла котиби икки гувоҳ билан айтилган мактабга борди. Санжар уни алоҳида синф хонага бошлаб кирди. Ҳужжатларни кўрган киши бўлди. Пулни олиб чўнтагига тиқди. Шу пайт кириб келган тезкор ходимлар уни жиноят устида қўлга олишди.

Суд Санжар Пардаевни айбдор деб топди ва унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 70 баробари миқдорида жарима жазоси тайинлади.