Информацион технологиялар ва коммуникациялар вакиллари иштирокида «Ўзбекистонда мобил алоқа: муаммолар ва ечимлар» мавзусида бўлиб ўтган Халқаро пресс клубда UMS бош директори Сирожиддин Фахруддинов мобил алоқа сифати ҳақида тушунтириш бериб ўтди.

— Мобил алоқа сифати ёмонлиги тўғрисида мижозларимиздан жуда кўплаб шикоятлар келиб тургани сир эмас. Тўғри, бу ерда вазият турли сабаблар туфайли, айтайлик, жойларда электр таъминотида содир бўладиган тез-тез узилишлар туфайли ҳам юзага келиши мумкин. Лекин асосий сабаб барибир базавий станциялар — соддароқ қилиб айтганда антенналар етишмаслигидадир.

Биз кўпроқ ҳудудларни базавий станциялар билан қоплашимиз керак. Бу борада санитария нормативларига ҳам риоя қилиниши лозимлигини эътибордан қочирмаслигимиз лозим. Станциялар сонини оширсак, ўз-ўзидан харажатларимиз миқдори ҳам ошади. Уни қаердан қоплашимиз керак? Албатта, мижозларнинг ҳамёнидан. Бу эса тарифлар нархининг ошишига ҳам сабаб бўлади.

Яқинда Тошкент шаҳридаги иккита кўп қаватли уйларда ўрнатилган базавий станцияларимизни санитария эпидемиология хизмати вакиллари билан бориб, энг замонавий усулда текширишдан ўтказдик. Станцияларимиз тўлиқ санитария номаларига жавоб бериши аниқ бўлди. Энг сўнгги қаватдаги уйнинг ичида кўрсаткичлар ҳаттоки ўрнатилган меъёрдан анча пастлиги ҳам маълум бўлди.

Айни пайтда 4G LTE тизимини ишга тушириш устида иш олиб борилмоқда. Мана, 5G чиқди. Лекин уни ишга тушириш учун базавий станциялар орасидаги масофа 500-600 метр бўлиши талаб этилади. Албатта, бу янги соҳа. Буларнинг барисини нормативлардаги меъёрларни озгина ўзгартириш эвазига амалга ошириш мумкин бўлади.

Айни пайтда одамларимиздан мобил алоқанинг саломатликка салбий таъсири ҳақида эмас, унинг сифати ёмонлиги ҳақидаги шикоят мурожаатлари каррасига кўпроқ тушмоқда, — деди клубда UMS бош директори Сирожиддин Фахруддинов ХПКнинг анжуманида.