Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг 84 фоизлик қисми бўйича сиёсий қарор қабул қилинди. Бу ҳақда бугун Бишкекда бўлиб ўтган Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиялари мажлиси якунида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жениш Разаков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, чегараларнинг тахминан 84 фоизлик қисми оралиқ битим лойиҳасига киритилган.

«Бу катта муваффақият. Бу бизнинг картографларимиз, ер ўлчовчи мутахассисларимиз, ишчи комиссиясининг барча аъзоларининг муваффақиятидир. Энди техник ишларни якунлашимиз керак», — деган Жениш Разаков.

Унинг сўзларига кўра, чегараларни аниқлаш бўйича ишлар якунланиб, ҳужжатлар имзолангач, чегара ҳудудларида зиддиятлар даражаси бир неча марта камайишига эришилади.

У анклав ҳудудлар масаласи алоҳида кўриб чиқилишини қайд этиб ўтган.

Жениш Разаковнинг аниқлик киритишича, оралиқ келишув имзолангач, Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича умумий келишув имзоланади.

Маъумот учун, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси 1378 километрни ташкил қилади. 

Қирғизистон томони чегаранинг аниқлаб бўлинган ҳудуди 1003 километрни ташкил этишини билдирган, Ўзбекистон томони эса 701 километр аниқлаб бўлинган деган хулосага келган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган ўнлаб ҳудуд бор.