Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018–2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантиришнинг биринчи галдаги чора-тадбирлари ҳақида»ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатга кўра, 2018–2019 йилларда туризмни ривожлантиришнинг биринчи галдаги чора-тадбирлари ҳақидаги дастур тасдиқланмоқда, жумладан, дастурда бу соҳада норматив-ҳуқуқ бошқарувни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чоралар: Ўзбекистонга келиб-кетишнинг очиқлигини таъминлаш, республиканинг барча ҳудудларида туристик ва йўлдош инфратузилмани ривожлантириш,, туристик маҳсулотларни диверстфикация қилиш ва янги туризм объектларини яратиш, шунингдек, миллий туристик маҳсулотни ички ва ташқи бозорда илгари суришга йўналтирилган вазифалар белгилаб олинган.

Ўзбекистоннинг ҳудудларида туризмнинг замонавий инфратузилмасини яратиш чораларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадларда Дастурга кўра, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳарчасида дам олиш зонаси, Жиззах вилоятининг Фориш ва Арнасой туманлари ҳудудидаги «Айдар-Арнасой» кўллари соҳилида бешта янги дам олиш зоналари, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида тўрт юлдузли меҳмонхоналар қуриш, Бўстонлиқ туманининг Чимён тоғ массивида меҳмонхона мажмуаси барпо этиш, шунингдек, ички туризм учун Навоий вилоятидаги «Тўдакул» кўлининг жанубий соҳилларида, хорижий туристлар учун «Айдаркўл» кўли соҳилларида пляжлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Қарорда яна бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, муқаддас зиёратгоҳларга зиёрат туризмини ривожлантириш, бунинг учун чартер рейслар ташкил этиш, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилаётган туристик зоналар сингари Тошкент, Урганч ва Фарғона шаҳарларида ҳам босқичма-босқич туристик зоналар ташкил этиш, шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тоғолди дам олиш зоналари кластерлари яратиш мўлжалланган.

Шаҳарлардаги туристик зоналар ва тоғолди туристик кластерларига хорижий инвестициялар, етакчи меҳмонхона брендларини меҳмонхона қуриш имконини тақдим этиш ёки мавжуд мехмонхона хўжаликларини бериш билан жалб қилиш назарда тутилган.

Бу борада хорижий туристлар ва зиёрат туризмлари учун виза жараёнларини соддалаштириш ҳам режалаштирилмоқда.

Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — туризм соҳасида ишбилармонлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига йўналганлигидир.

Ушбу қарор республикамизда туризм соҳасини янада ривожлантириш учун янги туртки бўлади, чунки унда кўрсатиб ўтилган чоралар хорижий сайёҳлар сонининг ошишига, туристик хизматлар ҳажмининг ўсишига, соҳада яратиладиган янги иш ўринлари ҳисобига аҳоли бандлиги даражасининг кўтарилишига, шунингдек, меҳмонхоналар ва туристик фаолият субъектлари ҳамда бошқа воситалар сонининг ошишига хизмат қилади.