Расмий Оқ уй ва Пхеньян ўртасидаги зиддият Жанубий Кореядаги молиявий шароитларни тез ўзгариб бораётганига таъсир қилаверса, ҳукумат иқтисодиётни барқарорлаштириш учун амалий чораларни қўллаши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Молия вазири Ким Донг Ён чоршанба куни маълум қилган. Шунингдек, у корейс банк-молия амалиётлари бир маромга тушиб бораётгани ҳақида фикр билдирган.

Бугун, 16 август куни Жанубий Корея Молия вазири ва мамлакат Марказий банки раиси Ли Жу Юл билан биргаликда айрим масалалар ҳақида келишиб олиш учун учрашади. Лининг айтишича, Марказий банк тузилмаси ва имкониятларига Шимолий Кореянинг таҳдидлари салбий таъсир қила олмайди.

Шимолий Корея ҳужумни номаълум муддатга қолдиргани ҳақидаги хабар биржа бозорини ҳам жонлантириб юборди. Шу қисқа вақт ичида эса хорижий сармоядорлар томонидан 1,31 триллион вонга тенг акциялар сотиб олинган.