Африкада бошқа жойга мажбурий кўчиб ўтганлар ва муҳожирлар сони 20 млн кишидан ошиб, рекорд даражага етди. Бу ҳақда АҚШда фаолият кўрсатувчи Африка стратегик тадқиқотлари маркази ҳисоботида айтилган. 

Ноқонуний муҳожирлар ҳисобга олинса, уларнинг сони янада кўпроқ бўлади.

Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, 20 млн кишидан 63 фоизи, яъни 12,7 млн нафарини мажбурий кўчиб ўтганлар, 33 фоизини (6,7 млн) қочқинлар, 3 фоизини (690 минг) эса ташқи муҳожирлар ташкил қилади. 

Мажбурий кўчиб ўтганлар ва муҳожирларнинг 75 фоизини Судан, Жанубий Судан, Конго, Сомали ва Нигерия фуқаролари ташкил қилади. Улардан кейин Марказий Африка Республикаси, Эритрея, Бурунди, Эфиопия ва Кот-д'Ивуар фуқаролари келади.

Африкадаги 44 млн дан кўпроқ одам шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож ёки жуда оғир шароитларда яшайди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Сомали, Нигерия ва Жанубий Суданнинг баъзи ҳудудлари аҳолиси очарчилик ёқасида турибди. 

Ўтган йилнинг ўзида Марказий Африка Республикаси, Кения, Мали, Нигерия, Сомали ва Жанубий Суданда гуманитар ташкилотларнинг 51 ходими ўлдирилган.