Medium фойдаланувчиси Мелисса Чу барча имкониятлар бўлса-да, муваффақиятга эришишга нима халақит бериши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Мен узоқ вақт давомида ақлли инсон қулай муҳитга тушиб, астойидил ишласа, эртами-кечми муваффақиятга эришишига ишонар эдим. Мен бундай инсонларга қараб, "У бир куни албатта қандайдир кашфиёт қилади", деб ўйлаб қолардим.

Бироқ тажрибам ошгани сари, ҳар доим ҳам бундай эмаслигини тушуниб етдим. Менинг баъзи танишларим - ақлли ва масъулиятли кишилар - чиндан ҳам ҳақиқий муваффақиятга эришишган. Аммо, афсуски, нима қилишни билмай, шунчаки оқим бўйича сузаётганлар ҳам талайгина.

Шунда мен муваффақиятга жуда кўп омиллар таъсир қилишини англаб етдим: албатта, ақл ва меҳнатсеварлик ҳам ўз ҳиссасини қўшади, бироқ бу билангина чекланиб бўлмайди.

Қуйида нима учун ақлли ва меҳнатсевар бўла туриб, муваффақиятга эриша олмасликнинг етти сабаби келтирилади.

 

1. Янги алоқалар ўрнатмайсиз

Сизга эски мулоқот доирангиз турганда кўпинча бошқа ҳеч ким керак эмасдек туюлади. Бир-бирингизни яримта сўзданоқ тушунасиз ва фақатгина ўзингизгагина тушунарли бўлган ҳазил-мутойибалар устидан кулишингиз мумкин.

Бироқ бир муаммо бор: эски дўстлар давраси билан чекланиб қолсангиз, бир хил ғояларни қайта ишлайверасиз. Сиз ўз доирангиздан ташқарида нималар бўлаётганини билиш имконига эга бўлмайсиз.

Дастлаб янги танишларни излаш қийин ишдек туюлиши мумкин, лекин кичик қадамдан бошлаш мумкин - масалан, ҳафтасига биттадан янги таниш орттириш.

"Орзуингизга эришиш учун курашишингиз керак. Унинг учун ниманидир қурбон қилишингиз ва тинмай ишлашингиз керак", - дейди Леонель Месси.

 

2. Ўзгаришларни ёқтирмайсиз

Узоқ вақт давомида бир муҳитда қолиб кетсангиз, бу сизнинг нотаниш нарсаларга мослашиш қобилиятингизни пасайтиради. Бироқ ўзгаришлар ўзи билан доим янги имкониятларни олиб келади.

Ўзгаришларга қаршилик қилиш ўрнига, ўйлаб кўринг, улардан қандай фойда олиш мумкин. Эҳтимол, сиз бозордаги янги ўринни тўлдирарсиз ёки ўз вақтида салоҳиятли лойиҳага киришарсиз.

Янги ғоялар учун очиқ бўлинг ва атрофингиздаги дунёга олимларча қизиқиш билан қарашга уриниб кўринг.

 

3. Таваккал қилишни хоҳламайсиз

Ақлли одамлар кўпинча хавфсизликни танлашади. Гоҳо карьера ёки ҳаёт йўлини танлашда улар хавф энг кам бўлганини танлашади.

Албатта, бу муайян даражада хавфсизликни таъминлайди, аммо улар бир хилликдан чиқа олмай қолишади. Менга ақлли одамлар кўпинча ишдан чарчаганлари ва яна нималар биландир шуғулланиш истаги борлиги, лекин қўрқишларини айтишади.

Бирор янги иш билан шуғулланмоқчи бўлсангизу, таваккал қилишни хоҳламасангиз, ҳеч нимани ўзгартирмасликка қарор қилган тақдирингизда, тахминан 20 йилдан кейин ҳаётингиз қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўринг. Ўз қарорингиздан мамнун бўлармикансиз?

 

4. Билимингиз муваффақиятни кафолатлайди деб ўйлайсиз

Яхши ўқийдиган кишилар атрофдагилар уларнинг ютуқларини мақташлари ва уларнинг салоҳиятларини кўкларга кўтаришларига ўрганиб қолишади. Бу ёқимли, албатта, бироқ бунинг баъзи салбий таъсирлари ҳам бор.

Мен одамларнинг фақатгина ўз ақли ёки билими туфайли муваффақиятга эришганларига доир таъкидларини эшитганман. Улар нуфузли университет дипломи уларнинг олдида автомат равишда барча эшикларни очишини кутишади. Афсуски, ҳаётда ҳаммаси улар ўйлагандек эмас.

Реал ҳаётда натижа фақатгина сизнинг ишга қанча куч сарфлаганингизга боғлиқ эмас. Муваффақият учун нафақат меҳнат, балки стратегик фикрлаш, шунингдек маълум бир маънода омад ҳам керак.

 

5. Кўп чалғийсиз

Аксарият муваффақиятли профессионаллар вақтни беҳуда ўтказишни ёмон кўришларини айтишади. Ақлли одамлар уларнинг вақти нақадар қиммат туришини ҳаддан ташқари яхши билишади - улар бу вақтни бир нарсага сарфлаб, бошқа нарсани қўлдан бой беришлари мумкин.

Бу анча кучли позиция, бироқ у кўпинча инсоннинг аввалги ишини охирига етказмай, янгисига киришишига олиб келади. Шундай бўлса-да, ҳар қандай ишда бошланғич босқич одатда қўшимча хатти-ҳаракатларни талаб қилади. Узоқ истиқболда ҳадеб янги ишга киришавермай, бор кучни бир мақсадга йўналтириш фойдалироқ бўлади.

 

6. Қатъиятсизсиз

Ақл ва меҳнатсеварлик олдингизда кўп эшикларни очиши мумкин. Афсуски, вариантлар ҳаддан ташқари кўп бўлганда танловни амалга ошириш осон бўлмайди. Натижада сизга қайси бири тўғри келишини синаб кўриш учун ҳаммасига уриниб кўриш истаги туғилади.

Мен бир қизни билардим - у доим бирор янги йўналишдаги билимларни ўзлаштирарди. Мана ўн йил ўтса ҳамки, у ҳали-ҳануз нима билан шуғулланишни хоҳлашини билмайди.

Имкониятлар орасида югуравергандан кўра кўпроқ маълумот тўплашга ҳаракат қилинг. Одамлар билан суҳбатлашинг ва имкон қадар кўпроқ фикрларни ўрганинг, шунда у ёки бу вариант сизнинг мақсадларингизга тўғри келиш ё келмаслигини тушунишингиз осонлашади.

 

7. Ўзингизга ишонмайсиз

Шуниси ажабланарлики, ақлли одамлар кўпинча ўз қобилиятларини етарлича баҳолай олишмайди. Улар ўзларини танқид қилиб, баъзан ҳеч нарсага қодир эмасликларига ишонтиришади.

Ишга доир масалаларда режалар катта бўлади. Ҳар сафар янги лойиҳа устида ишлаганда улар ҳар бир қадамни таҳлил қилишади ва кўпинча охирги хулосаларини ўзгартиришади.

Бир қарашда бу фойдали хусусиятдек кўриниши мумкин, бироқ амалда у фойдадан кўра кўпроқ зиён етказади. Перфекционизм кўзлаган мақсадга эришиш ва устувор жиҳатларни белгилашда халақит бериши мумкин.

"Агарда бошқача йўл тутганимда..." ёки "етарлича уддасидан чиқмадим" қабилидаги поёнсиз фикрлар сизга халақит беришига йўл қўйманг. Йиллар ўтгандан кейин ҳаётингизни қандай кўришни исташингиз ҳақида ўйланг. Қулай фурсат келишини кутиб ўтирмай, ҳозирданоқ бошласангиз - қандай бўлмасин - кўпроқ натижага эришасиз.