Қизиқ халқмиз — ким нима деса ишониб кетаверамиз. Орамизда шунақа «ақлли»лар борки уларнинг гапини эшитиб куларингизни ҳам, йиғларингизни ҳам билмайсиз. Уларнинг ўша эшитганда на кулиб ва на йиғлаб бўлмайдиган гапини тагини суриштирсангиз уйдаги хотинлардан эшитган бўп чиқадилар.

Охирги пайтларда «қора бозор»да доллар курсининг сўмга нисбатан кескин ошишини кимлардир яқинда янги чиққан 10.000 сўмлик купюрани чиққанига боғлади. Аслида ҳам шундайми?

Ёки кўпинча «фалон сўм қийматидаги янги купюра чиқармиш» деб овоза бўлгандан «ҳеҳ, бекор чиқаришаяпти-да шу пулни, энди нарх-наволар ошиб кетади», деган гаплар урчиб қолади. Нарх-наволарнинг ошиб кетишига янги қийматда чиқаётган купюра сабаб бўладими? Йўқ, асло!

Чунки нарх-наволарнинг ошишига янги купюра эмас, балки долларнинг сўмдаги қиймати ошиб боравериши сабаб бўлади. Доллар курси ошиб кетаверишига эса мамлакатимизга кириб келаётган валютадан чиқиб кетаётган долларнинг кўплиги сабаб бўлади. Тўғри, баъзи давлатлар ўз экспорт салоҳиятини ошириш учун долларнинг ўз миллий валюталарига бўлган қийматини ўзлари онгли равишда ҳам оширишади. Бу иқтисод тилида «девальвация» дейилади. (Янгиликларни кузатиб борсангиз охирги йилларда Хитой шу усулни кўпроқ қўлламоқда.)

Аммо биздаги ҳолат девальвация эмас. Чунки девальвация қилинганда курс бирданига кескин оширилмай аста-секинлик билан оширилади. Биздаги ҳолат доллар тақчиллиги юзасидан келиб чиқаяпти.

Узоққа бормайлик, автосаноатимизни олайлик. Бундан уч-тўрт йил олдин ишлаб чиқарилган машиналаримизнинг 60-70 фоизи экспортга чиқарилар эди. Бу экспорт ортидан мамлакатимизга анчагина валюта кириб келарди. Ҳозир эса Россиядаги, Қозоғистондаги, Украинадаги иқтисодий инқирозлар бизнинг автоэкспорт салоҳиятимизни пасайтириб ташлади ва бу иш мамлакатимизга кириб келадиган валюта тушумининг кескин камайишига сабаб бўлди.

Биздаги валюта тақчиллигига оид яна бир омил бу — иқтисодий инқироз туфайли биздан Россияга ишга борадиган меҳнат муҳожирларининг сони камайди. Россиядан пул олиб кела олишига ишончи бўлмаган кўплаб юртдошларимиз энди уёққа ишга бормаяптилар. Борганлари ҳам уйга тузук-қуруқ пул жўната олмаяптилар. Бунинг натижасида, мамлакатимизга кириб келган миллиардлаб долларларнинг чўғи камайди ва бу ҳам биздаги доллар тақчиллигига ўз ҳиссасини қўшди.

Яна бир сабаб — ҳўл ва қуруқ меваларимизга, сабзавотларимизга асосий харидорлар Россия, Қозоғистон ва Украина эди. 2014 йилда Россия ва Украина ўртасида келиб чиққан можаролар алал-оқибат Украина иқтисодини батамом фалажлаб ташлади. Россия иқтисодиёти эса турғунлашди, Қозоғистоннинг иқтисодиёти эса Россияга чамбарчас боғлиқлиги сабаб у ҳам пасая бошлади ва буларнинг ҳаммаси йиғилиб, бу давлатларга қилаётган экспортимизга таъсир кўрсатди. Улар энди олдингидан анча кам маҳсулот ола бошладилар. Бу ҳам кириб келаётган валютанинг салмоғига салбий таъсир кўрсатди.

Мана шу учта омил сабабли бизда ҳам долларнинг нархи ҳамон ошишда давом этмоқда. Доллар ошиши ортидан эса ўзи ёки хомашёси чет эллардан олиб келинадиган истеъмол товарларининг нархи ошиб бормоқда. Биз гўллар ва содда лақмалар эса «хотинларнинг гапи»га ишониб, буларнинг ҳаммасига янги чиққан купюраларни сабаб қилиб кўрсатишмоқда.

Ёки яна бир шунга ўхшаш гап: ҳукуматимиз томонидан ойлик маошлар маълум бир фоизларга оширилса ҳам кимлардандир яна ўша «ойликлар ошди, энди нархлар ошишни бошлайди», деган гапни эшитамиз.

Бу гап ҳам тўғрими?

Асло йўқ. Нархларни ошишига долларнинг ошиши, долларнинг ошишига эса мамлакатимизга кирадиган доллардан чиқадигани кўп бўлиши сабаб бўлишини юқорида келтирдим. Агар валюта тақчиллиги кузатилмаса ва ўша тақчиллик оқибатида нархлар ошмаса ойлик маошлар оширилганда нархлар ошмайди.

Масалан, 2010 йилдан 2014 йилнинг охиригача беш йил мамлакатимиз учун зўр ривожланиш йиллари бўлди. Валюта тушуми ҳам зўр бўлди. Экспорт ҳам бир маромда ошиб бораверди. Долларни курси ҳам кичик ўзгаришларни айтмаса кескин ўзгаришлар кузатилмади. Қора бозорда бир АҚШ долларининг нархи мана шу беш йил давомида 2500–2700 сўм атрофида бўлиб турди. Энг қизиғи мана шу беш йилда ҳар йили бир-икки марталаб ойлик маошлар 15-20 фоизга оширилиб турди. Аммо валюта курси барқарор турганлиги туфайли нарх-наволар жиддий ошгани йўқ.

Эсимда 2010 йилда 4500–5500 сўм турган кунгабоқар ёғи 2014 йилнинг охирида ҳам шу нархда эди. Ёки бошқа истеъмол товарлари ҳам шундай нархи ошмасдан турди. Агар ҳар ойлик маошлар оширилганда нархлар ошаверганда эди ўша ўтган беш йилда нархлар бунчалик барқарор турмасди, ошиб кетаверарди. Тўғри, нархларда: кичик ўзгаришлар бўлган бўлиши мумкин, аммо у ўзгаришлар аҳамият берадиган даражада бўлмаган.

2015 йилнинг бошидан валюта тақчиллашиб, доллар курсининг ошавериши туфайли истеъмол бозоридаги нархлар осмонга чиқиб кетди ва уни ҳеч нарса тўхтата олмай қолди. Юқорида мисол қилганим бир литрлик кунгабоқар ёғи 4500–5500 сўмдан 8500–10000 сўмга чиқиб кетди.

Шундай экан «ойлик ошса нарх ошади», деган гапда ҳам ҳеч қандай асос йўқ. Агар долларнинг курси барқарор турса, ойлик маошлар оширилса ҳам истеъмол товарларнинг нархлари ошмайди. Аксинча, валюта тақчиллиги юзага келиб, доллар курси ошаверса ойлик маошларни оширмаса ҳам нархлар кўтарилаверади.

Ғайрат Йўлдошев.

P.S. Мамлакатимиздаги хамма нарса: нарх-наволарнинг ошиш-тушиши борми, аҳолининг турмуш даражаси борми ёки фирма ва компанияларнинг ривожланиб аҳолини янада кўпроқ иш ўрни билан таъминлаши борми ҳамма-ҳаммаси бу экспортга ва ана шу экспорт ортидан мамлакатимизга кириб келадиган валютага боғлиқ.

Шу учун ҳам ҳукуматимиз кўпроқ эътиборни импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни кўпроқ ўзимизда ишлаб чиқаришни ва экспортга кўпроқ маҳсулотларни чиқаришни қўллаб-қувватлаш дастурларига катта эътибор беришаяпти. Долларнинг бундай кескин ошиши ҳам вақтинчалик ҳолат. Умид қиламиз яқин кунларда ҳаммаси ўз ўрнига тушади.