Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлигининг қарори (2017 йил 11 август) билан Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ–2863-сон “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, шу жумладан хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган. Бунда бўшаган маблағлар ушбу муассасаларни замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, материаллар, инвентар ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилиши лозим. 

Белгиланишича, хусусий тиббиёт муассасалари аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатади:

•  ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
•  I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;
•  муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;
•  ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;
•  етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
•  1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
•  1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;
•  қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган бошқа шахслар.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул тиббий хизматлар кўрсатиш учун уларнинг шахсини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларининг мавжудлиги асос бўлади.

Бепул тиббий хизматларнинг турлари ва ҳажми лицензияда кўрсатилган тиббий фаолият тури доирасида ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хусусий тиббиёт муассасалари томонидан мустақил равишда белгиланади.

Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг бепул тиббий хизмат олиш бўйича мурожаатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтидаги махсус электрон базага мурожаат қилинган кунда мурожаат этувчиларнинг навбатини кўрсатган ҳолда он-лайн тизимида киритиб борилади. Шунингдек мурожаатлар хусусий тиббиёт муассасалари томонидан махсус журналда (қоғоз ёки электрон шаклда) қайд этиб борилади.

Жорий йилда кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва сарфланадиган маблағлар миқдори олдинги йил якунлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг камида 25%ини ташкил этиши лозим.

Бепул тиббий хизматлар рўйхати муассасага кириш ёки мижозлар учун кўринадиган жойда ҳамда маълумотлар пештахтасида жойлаштирилади, шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтидаги махсус электрон базага муассаса томонидан киритиб борилади.

Хусусий тиббиёт муассасалари йиллик молиявий ҳисобот билан биргаликда солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағларни мақсадли сарф қилинганлигини тасдиқлаш учун Юридик шахсларга, солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомда (2005 йил 2 апрель) келтирилган шакл бўйича солиқ органларига ҳисобот тақдим этади.

Ҳужжат 2017 йил 14 ноябрдан кучга киради.