«Барселона» ёзги трансферлар вақтида «Ливерпуль»дан Филиппе Коутиньони ва Дортмунднинг «Боруссия» клубидан Усмон Дембелени трансфер қилади. Бу ҳақда клуб менежери Пеп Сегура маълум қилган.

«Биз яқин кунлар ичида таркибни кучайтирамиз. Коутиньо ва Дембеле дейсизми? Биз улар билан шартнома тузишга яқинмиз. Ҳозирча жараён якунига етмаган, шу туфайли олдиндан бир нарса дея олмайман. Улар «Барселона» футболчиларига айланишига умид қилмоқдамиз», - дея Сегуранинг сўзларини келтирган Football Espana.

Якунланган мавсумда 25 ёшли Филиппе Коутиньо «Ливерпуль» учун 36 ўйинда майдонга тушган ва 14 гол уриб, 9 голга узатма берган. 20 ёшли Усмон Дембеле эса ўтган мавсумда «Боруссия»нинг барча турнирлари доирасида 49 учрашувда майдонга тушиб, 10 гол урган ҳамда 21 голли узатма муаллифига айланган.

Охирги хабарларга кўра, бу икки футболчи учун каталонияликлар жамоаси 200 млн евро сарфлашга тайёр.