Барселонада микроавтобуснинг одамлар устига бостириб келиши натижасида камида 13 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар жароҳатланган. Полиция мазкур воқеани теракт деб атамоқда. Europa Press шу ҳақида хабар берди. 

Воқеа Рамбла кўчасида содир бўлган. Кўчанинг йўловчилар ўтишига мўлжалланган жойидан яшил чироқда ўтаётган одамлар устига микроавтобус бостриб келган. Автомобиль йўловчилар зонасидан тахминан 400 метрча ҳаракатланган ва киоск билан тўқнашган. 

Воқеа гувоҳлар орасида ваҳима уйғотган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тумандаги ресторанлардан бирига қуролланган кишилар бостириб кирган ва у ердан отишма овози келган. Бу маълумот ҳали расман тасдиқланмаган.

Ҳозирда яқин орадаги метро станциялари ва транспортлар ҳаракати тўхтатилган. Шифокорлар жабрланганларга ёрдам кўрсатишмоқда. Полиция жиноятчиларни қўлга олиш операциясини бошлаб юборган.