Кечаги тўйхонада бугун аза... Бундай нохуш ҳолатларга жуда кўп дуч келганман.

Маҳалламизда аэропортда боғбон бўлиб ишлайдиган бир киши бор эди. Нуқул эрталаб велосипед билан шошиб кетар, кечқурун эса бир ўрам ўт билан судралиб келарди. «Эринмаган жонига балли», дер эди одамлар. Қишин-ёзин худди чумолилардек нимадир уйига ташир, рўзғори учун тиним билмай велосипедда югурарди. Кимдир унинг бу қадар заҳматига ачинса, мен унинг ҳалол меҳнат билан фарзандларига ҳалол луқмани едираётганига ҳавас қилардим.

Кунларнинг бирида ўша боғбон тўй бошлади. Қизини узатди. Қизини узатдию эртасига жонини Яратганга «узатди». Ҳар ким ҳар нима деди, бироқ унинг ўлими сабаби оддий эди – ўйнинг ташвиши, қарз ва ваҳимада қолган, қизининг шарманда бўлмаслиги учун бор-будини аямай сарфлаб, охирига етмаса яна қарз олиб, уни тўлашни ўйлаб юрак хуружидан вафот этди. Оддий савол туғилади: боғбоннинг «қотили» ким ё нима?

Бу мавзуда яқинда муҳтарам Президентимиз Ўзбекистоннинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда куюниб гапирдилар: «Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда».

Аслида, ортиқча дабдаба сабаб йиллар давомида анча инсонларнинг умри қисқарди, соғлиғини йўқотди, хонавайрон бўлиб қолганлар ҳам йўқ эмас. Ачинарлиси, яна давлат раҳбарининг эътибори ва маънавий жасорат кўрсатиб таъкидидан кейин бу борада мурожаат қилаяпмиз.

Тўғри, аввалроқ туй-тантаналарни қисқартириш борасида минглаб мақолалар ёзилди, тарғибот –ташвиқот олиб борилди, дастурлар тайёрланди, бироқ жамият миқёсида конкрет натижаси кўринмади. Яна бу мавзу очиқлигича қолган эди. Энди бу борада яна кўплаб муносабатлар, нуқтаи назарлар, фикрлар, тарғибот-ташвиқот ишлари бошланади. Аммо бу борада натижа муҳим. Шунинг учун тўй-тантаналардаги ортиқча дабдабаларнинг олдини олиш, харажатларни қисқартириш борасида аниқ таклиф ва тавсиялар, ҳуқуқий асослар зарур.

Тўйдаги «солиқлар» – соғлиққа ҳам зиён

Тўй-тантаналардаги исрофгарчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилган тарғибот-ташвиқот самараси ўлароқ, қатор ноғоралару лаганлар камайди, баҳонада тўйларнинг турлари қисқарди. Аммо тўй харажатларининг қисқаргани келин томонга янгича «солиқ» солиш урфини пайдо қилди.

Масалан, авваллари Самарқанд шаҳрида қиз узатган хонадаон уч кун ўтмасдан қизини уйига чақириб катта зиёфат (талбон) уюштириларди. Ҳозир эса бу урфдан чиқди. Бироқ қиз узатар хонадон бу билан харажатдан қутилиб қолмади, аксинча, янгича «солиқ» домига тутилди. Ҳеч қаерда эътироф этилмаган одатга кўра қизнинг ота-онаси зиммасига янги рўзғорга керакли барча ашёлар, мебеллар тўплами, уйни жиҳозлаш тўлиқ юкланди. Бошқача қилиб айтсак, янги оиланинг уйини келин томон безатиб беради. Бу одат юртимизнинг бошқа ҳудудларида (Тошкент ва водий томонларда) ҳам мавжуд экан.

Бу ҳам етмагандек, байрам кунларига – автомат кир ювиш машинаси, куёвнинг туғилган кунига – телевизор, чақалоқ туғилса, яна қимматбаҳо болалар мебеллари ва кийимлари. Ачинарлиси, эркаклик ғурури ва ориятини ерга уриб, ўша ҳадялар ҳисобига куёвтўра мағрурланиб яшайди. Ҳеч бир куёвни келин ота-онасининг шу қадар ҳимматини рад этиб, «бизга ҳеч нима керак эмас, биз ўзимиз барчасини меҳнат қилиб харид қиламиз...шу қадар фарзандларни камол етказдингиз, шунинг ўзи катта мукофот. « деганини кўрмадим, эшитмадим. Аксинча, фотиҳа тўйи бўлгач, қизга «мени шарманда қиладиган оддий мебеллар юбормасин ота-онанг...» деган гапларни эшитдим.

Айтинг-чи, умр бўйи қизини оқ ювиб, оқ тараб, кўзининг қароғидек асраб, унинг камоли учун ҳеч нимани аямаган ота-онага қайси гуноҳлари учун «солиқ солиш» керак? Нега улардан қимматбаҳо совға-саломлар-у сарполар талаб қилиш керак? Бу муносабат қайси ахлоқ кодексига ёки қонунчилигимизга тўғри келади?

Қизимни узатишим керак, деб ўзи емай, ичмай, киймай, ҳар хил касалликлар ортириб даволанмаган ота-оналар кам эмас. Бировнинг бахтсизлиги, заҳмати эвазига бахтли бўлиш мумкин эмас, шундай экан, бу борада адолатлироқ бўлиш лозим. Бечора андишали ота-она қизини узатиб хавф-хатар ва хавотир гирдобида яшайди: «Сарполаримиз қудаларга ёқдимикан?.. Мебеллар маъқулмикан?..»

Яна бир гап.

Қизининг хурмача қилиқлари ёки камчиликларини яшириш мақсадида, пул топишга вақт топиб, тарбия қилишга вақт тополмаган ота-оналар қудаларига, куёвларига шу қадар совға-салом ҳадя қилиб, мулозамат кўрсатадиларки, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу қадар қўша-қўша қимматбаҳо совғаларни олган куёв келинга ножўя гапиришга ҳам ўйланиб қолади. Бошқача қилиб айтганда, бу муттаҳамликнинг янгича усули, холос.

«Love story» ёхуд беҳаёликнинг тараннуми

Ёши улуғ инсонларнинг никоҳ маросимлари ҳақида сўрасангиз, амин бўласизки, ўша вақтлари ортиқча дабдабасиз миллий қадриятларимизга хос никоҳ маросимлари ўтказилган. Бир отахон бу борада шундай фикр билдирдилар: «Бизнинг давларда бу қадар дабдабаю олифтагарчилик йўқ эди. Меҳмонлар ҳам бу қадар кўп бўлмасди... масалан мен қўшнимизнинг отида келинни уйга олиб келганман. Келин ҳам бир тугуни билан уйга келган... Ҳозирги келин-куёвларнинг қилиқлари ақлга сиғмайди».

Бир кунлик тўй учун сўнгги русумдаги автомобилларни кимўзарга буюртма қилиш, автомобиллар карвони билан шаҳар кўчаларини айланиб юриш, фалон сўмга келинлик кўйлагини буюртмага олиш каби ортиқча дабдабабозлик ҳолатлари анча танқид қилинди. Бироқ танқид акстаъсир кўрсатдими, сўнгги вақтларда тўйлар яна янгича удумлар билан бойимоқда.

Жумладан, бўлажак келин-куёвлар иштирокида «Love story» деб ном олган сайр лавҳалари асосида видеороликлар ишлаш ва сохта обрў тўплаш учун уларни тўйхонада тўйи куни намойиш этиш, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш тобора оммалашиб бораётир. Бундай видеороликлар деярли ҳар бир тўйда келин-куёв иштирокида кўрсатилаётир.

Афсуски, бунга ҳеч ким муносабатини билдирмайди. Ваҳоланки, бундай роликларда шарқона тарбия ва миллий ғуруримизга шикаст етказадиган ҳаракатлар, муносабатлар мавжуд. Ҳали никоҳ ўқитилмасдан, қонуний никоҳдан ўтмасдан, бўлажак келин-куёвлар «Love story» лавҳаси учун съёмкага тушишади, эҳтиросли ҳолатларни лавдалантиради. Сўнг монтаж қилиниб, видеоролик сифатида бутун тўйхона аҳлига ўша эҳтиросларини намоён этишади.

Ахир бу ахлоқий таназзулнинг бошланиши, маънавиятнинг пастлигию манманликнинг дебочаси эмасми? Наҳотки, қиз, унинг ота-онаси, оиласи тўйдан олдин бўлажак куёв билан ибо ва ҳаёга зид лавҳаларни жонлантиришдан, «севги ҳикояси»ни ёзишдан уялмайдилар?! Менимча, бу борада бўлажак куёвнинг ҳам эркаклик фазилатларида гап кўп. Зеро, ўзини ҳурмат қиладиган куёв бўлажак оила бошлиғи, умуман эркак сифатида ўз жуфти ҳалолини базмгоҳда жамланган одамларга кўз-кўз қилмайди, эҳтиросли лавҳаларини намойиш этмайди. Демак, баъзи бир йигитларимизда ҳам эркаклик ғурури ва орият сусаймоқда. Бу мантиқий хулоса, холос.

«Катталар» нима деса, шу...

Одатда, тўйнинг харажатларию қандай ўтказилиши борасида маслаҳатлашганда, тўйчилар шундай фикрни билдиришарди: катталар нима дейишса, шу...». Ҳозир эса сал бошқачароқ бўлди: «катталар» нима қилса, шу. Яъни, кўпчилик ўзбошимчалик билан тўй қиладиган бўлди.

Тан олиб айтиш керакки, бу борада Президентимиз таъбири билан айтганда пул топиб ақл тополмаган «катталар» ҳадларига сиққунча дабдабага берилиб кетдилар, ўзларини кўз-кўз қилиш учун ҳеч нимадан тап тортмадилар. Бу борада халқнинг назарига тушган баъзи бир амалдору санъаткорлар ҳам анча жонбозлик кўрсатдилар. Натижада, халқ орасида «фалончи санъаткорнинг тўйига юзга яқин санъаткор келибди, тўйи фалон ресторанда бўлибди...дастурхонида қошиқ қўйиш учун жой қолмапти» деган гаплар пайдо бўлди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг жорий йил 21 июлдаги «Тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида анча ишлар қилинди, кимдир ўз мансабидан қўрқиб, кимдир виждонан яна кимдир пулини тежаш мақсадида шу қарор асосида тўйини ихчам қилиб ўтказди. Бу борада маҳалла раисларининг роли ниҳоятда катта бўлди.

Аммо бу жараён узоққа чўзимади, вақт ўтиб яна ҳамма билганини қилди. Яна халқ орасида «катталар»нинг тўйи шов-шув блиб кетди. Шундай тўйларнинг бирида қатнашдим. Дастурхондаги нозу-неъматни кўриб, эзилиб кетдим: ахир шу қадар мурувватли экансан, муҳтожларга ёрдам бер. Ачинарли томони бундай «катталар»нинг тўйига фалончи санъаткор, фалончи маҳалла раиси хизматда.

Тўй харажатларига – уй сотиб олиш мумкин

Йиллар давомида анча тўйларни кўриб, шу хулосага келдим: агар тежашни, ортиқча манманлик ё ўзини кўз-кўз қилиш каби иллатларимизни бартараф этсак, ўша дабдабали тўйларга сарфланадиган маблағга ўй сотиб олиш мумкин. Ахир, тўй қиламан, деб уйини сотганлар ҳам бор-ку, шунинг ўзи фикримиз исботи. Менимча, бу борада аниқ социологик тадқиқотлар ва сўровномалар ўтказилиши керак, яъни битта тўй учун қанча маблағ сарфлаймиз, ё бир таъзия маросими учун қанча харажатлар бўлади.

Яқинда қиз узатган бир инсон билан суҳбатлашиб ёқа ушлаб қолдим. Унинг айтишича, бир қизни ўз «эгасига» эсон-омон, обрў-эътибори билан узатиш учун, йиллар давомида уни кўз қорачиғидек асраш, тарбиясига жиддий эътибор қаратиш баробарида, камида юз миллион сўм керак экан.

Бу бўрттириш, дедим ўзимча. Бироқ суҳбатдошим ҳаммасини обдон ҳисоблаб берди. «Мажбурий олиниши керак бўлган тақинчоқлар: оддий тилла ҳалқаси камида 2 млн.сўм, узук-800 000 сўм, билакузук — 4 млн. сўм, Кийим-кечакларига ўртача тахминан 12 млн. сўм атрофида маблағ сарфланади. Энди куёв томон учун қилинадиган харажатлар: қайнонаси учун тилла узук ёки ҳалқа тахминан 1 млн сўм, мўйнали пальто — 1,5 млн. сўм. Бундан ташқари яна тахминан 4 млн. сўм атрофида уст-бош қилади. Куёв учун тахминан 3,5 млн. сўм уст-бош олинади. Куёв уйини жиҳозлаш ва безаш учун: мебель- 8-12 млн. парда-6-8 млн. кўрпа-тўшак-3 млн сўм. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Яна бўлажак куёв учун қайнотаси ҳиммат қилса камида битта телевизор совға қилиши, қудаси учун яна сарпо қилиши керак. Бу ҳам анча пул. Яна қизини узатган хонадон камида юз кишига ош беради».

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, то биз бу борада фикримизни ўзгартирмас эканмиз, маънавий ва моддий зарар етказадиган ортиқча дабдабаю исрофгарчиликдан қутулмас эканмиз, умр бўйи меҳнатимиз ҳаққини ўз қўлимиз билан «ҳавога» совураверамиз. Шундай экан, оқилона яшаш усулини шакллантиришимиз, беҳуда ҳою ҳавасларга берилмасдан, фаровон кунимиз учун тежамкорлик ва ихчамлик ила дастурхон ёзишимиз керак.

Баҳодир РАҲМОНОВ,

журналист.