15 август куни Миллий матбуот марказида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари иштирокида анжуман ташкил этилди.  Анжуман мавзуси "Мустақиллик йилларида виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган ютуқлар"га бағишланди. 

Анжуманда иштирок этган Kun.uz мухбири Дин ишлари бўйича қўмита вакилларига ўз саволлари, жумладан, ўғил болаларнинг неча ёшидан масжидга кириши мумкинлиги хусусида мурожаат қилди. 

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев қуйидагича жавоб берди: 

“Болаларимизни бирон бир касбга йўналтиришда мактабдаги таълим жуда муҳим ҳисобланади. Ёшларимизни ўқиш вақтида дарсларни ташлаб, масжидга келишини олдини олиш мақсадида турли тушунтириш ишлари олиб борилади. Ўқиш вақтидан бошқа пайтда балоғатга етган болаларни масжидга бориш ёки бормаслик масалаларини, аввало, фуқароларнинг ўзлари ҳал этишади. Айрим ҳолларда ўқувчиларнинг дарсни ташлаб, қочган ҳолатлари кузатилгани учун таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари, маҳалла томонидан болаларни масжидга бориши масаласи юзасидан тадбирлар ўтказиб турилади. Болалар даставвал, илм олишлари, дин ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишларини баридан муҳим, деб ҳисоблаймиз”, деди қўмита раиси ўринбосари.

Шунингдек, анжуман иштирокчилари ўқиш вақтидан ташқари байрам кунлари - Ҳайит намози вақтида 18 ёшга тўлмаган болаларнинг масжидга киритилмаслигини ҳам қайд этишди. 

"Бугунги кунда бизнинг масжидларда Ҳайит намози вақтида болалар, ўсмирлар ҳам иштирок этишмоқда. Бу сўзимни Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳам тасдиқлашади. Демак, Ҳайит намози вақтида болалар оила аъзолари билан биргаликда масжидга киришлари мумкин. Агарда бундай ҳолатларда уларнинг иштирок этишига қандайдир эътирозлар, тўсқинликлар бўлса, бизга мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Биз ҳамкорликда бу каби вазиятларга ечим топишга ҳаракат қиламиз”, деди Ўткир Ҳасанбоев.