Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 16 августда “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

маданият ва санъат соҳасида фундаментал билим ва тушунчалар, тарихий ва замонавий анъаналар, инновация технологияларини, давлат стандарти бўйича белгиланган билим ва малакаларни пухта эгаллаган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;

тайёрланаётган мутахассис кадрларга меҳнат бозоридаги реал талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, юқори сифатли билим ва малака бериш;

битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича буюртмаларни шакллантириш;

профессор-ўкитувчилар таркибининг ўз касб соҳасидаги билим ва тажрибаси, илмий-ижодий салоҳияти ва педагогик маҳоратини доимий равишда ошириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Филиалга 2017/2018 ўқув йили учун “5150300 - актёрлик санъати (турлари бўйича)” таълим йўналишига бакалаврлар тайёрлаш бўйича жами 25 та - шундан 10 таси давлат грантлари, 15 таси тўлов-контракт асосида - қабул квотаси ажратилади;

2017/2018 ўқув йили учун қабул жараёни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бир ой муддатда:

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалининг уставини белгиланган тартибда тасдиқлайди ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди;

Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўради;

Филиалда ўқув-методик жараёнларнинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширади.

Қарор билан Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг Қўқон шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси, 3а-уйда жойлашган Қўқон туризм ва сервис касб-ҳунар коллежининг уч қаватли асосий биносининг бир қисмини Филиалга бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш ҳамда Филиал фаолиятини мазкур бинода ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Қўқон туризм ва сервис касб-ҳунар коллежининг Қўқон шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси, 3а-уйда жойлашган биносининг бир қисми Филиалга берилиши муносабати билан мазкур коллеж фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2018/2019 ўқув йили ва кейинги йиллар учун Филиалга ўқишга қабул қилишнинг 50 нафардан кам бўлмаган квотасини истиқболда Фарғона водийси ҳудудларини ривожлантириш билан боғлиқ дастурларни, ҳар қайси тармокда мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, йиллар бўйича аниқ йўналишларни белгилаб, касб ва таълим йўналишларини (мутахассисликларни) кўрсатган ҳолда ишлаб чиқишни назарда тутади;

2017/2018 ўқув йили бошланишига қадар Филиалнинг таълим йўналишларини давлат таълим стандартлари ҳамда тегишли малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув режалари, фан дастурлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлайди.

Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди: Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари; хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан келадиган тушумлар; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; халқаро молия ташкилотларининг грантлари; қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Филиалга хизмат кўрсатадиган 1 та енгил автомобиль учун лимит ажратади.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Х.Султонов, А.Юнусходжаев ҳамда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев зиммасига юкланди.