Австралияда мамлакатни узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мақсадида дунёдаги энг йирик қуёш электростанцияси қурилади. SolarReserve компанияси (АҚШ) ва Жанубий Австралия штати маъмурияти қуввати 150 МВт ни ташкил қиладиган қуёш иссиқлик электростанциясини қуриш бўйича келишув тузишди. Бу электростанция бундай йўналишдаги станциялар орасида рекордчи бўлади.

SolarReserve қуёш энергетикаси билан боғлиқ ўзига хос лойиҳаларни яратиш билан танилган. Австралиядаги электростанция Aurora Solar Energy Project деган ном олади ва минора кўринишида қурилади. Махсус идишларда қуёш энергияси билан эритилган туз йиғилади. Бу эриган туз суюқ ҳолатини бир неча соат давомида (8 соатдан 10 соатгача) сақлай олади, бу эса қуёш ботган соатларда ҳам иссиқликни тўплашга имкон беради. Эриган туз иссиқлик улашгич орқали ўтиб, ўз энергиясини буғ ва кейин электр энергияси ҳосил бўлиши учун беради.

Ушбу электростанция 2018 йилда Порт-Огаста шаҳри яқинида қурила бошланади. Бу ер қуёш энергиясини қўллаш учун идеал жой ҳисобланади. Станция 135 МВт қувватда кунига 8 соат ишлайди, аккумуляторларни қўллаш эса электростанцияни кун бўйи ишлатишга имкон беради. Станциянинг қувватини 150 МВт гача кўтариш мумкин. SolarReserve компанияси электростанцияни қуриш бўйича ўтказилган тендерда энг кичик қиймат – 512 млн доллар нарх кўрсатган ва шу тариқа рақибларини доғда қолдирган. Штат маъмурияти компания билан 20 йиллик шартнома имзолаган. Бу электростанцияда ишлаб чиқарилган бир МВт-соат электр энергияни 61 доллардан етказиб бериш кўзда тутилган ва бу газда ишловчи иссиқлик станциялариникидан арзонроқдир. Таъкидланишича, электростанция 2020 йилда ишга туширилади.