Хитойлик тадбиркор унга кўча кафесида унутиб қолдирган олмос кўзли узукни қайтиб беришгандан кейин миннатдорлик сифатида Чунцин шаҳри аҳолисини 5 минг порция лағмон билан меҳмон қилди. У бу узук ёрдамида шу шаҳарда яшовчи ёрига турмушга чиқиш таклифини билдирмоқчи бўлган.

Гуанчжоу шаҳрида яшовчи Ван исмли бу тадбиркор 13 августда Чунцин шаҳрига ўз ёрининг қўлини сўрагани келганди, деб хабар бермоқда South China Morning Post. У маҳаллий кафелардан бирига тушлик қилгани кириб, у ерда ичида 3 қиротлик олмоси бўлган, нархи 300 минг юан (45 минг доллар) турадиган узук бўлган сумкасини унутиб қолдирган.

Шаҳарликлардан бири сумкани аниқлаб, уни кафе бошқарувчисига топширган. У эса ўз навбатида сумкани бироздан кейин кафега уни қидириб келган Ванга берган. Ваннинг суюкли ёри эса унинг таклифини қабул қилган.

Ван хурсандчиликда Чунцин аҳолисига ташаккурчилик билдириш мақсадида узугини унутиб қолдирган кафеда пишириладиган 5 мингта ўткир таъмли лағмоннинг пулини тўлаб, у билан шаҳарликларни меҳмон қилган.