Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортлари 2019 йилнинг 1 январидан жорий этилади. Чиқиш стикерини расмийлаштириш ҳам шу санадан бошлаб бекор қилинади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу ҳақдаги фармонни имзолаган

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу фармон талаблари ижросини таъминлаш учун Давлат персоналлаштириш маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида янги таҳрирдаги низом лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун ўрнатилган тартибда тақдим этади. 

Низомда қуйидагилар кўзда тутилади: 

– Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти унинг эгаси шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади ва ундан республика ҳудудида умумфуқаролик ҳужжати сифатида фойдаланилади; 

– замонавий ахборот технологиялари жорий этилиши инобатга олиниб, хорижга чиқиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш муддати 15 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартирилади; 

– халқаро тажрибага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортининг амал қилиш муддати вояга етмаган шахслар учун 5 йилгача, 16 ёшдан катта шахслар учун 10 йилни ташкил қилади; 

– аҳолига электрон ариза тақдим этиш, электрон навбат, давлат божини электрон тўлов тизими орқали тўлаш каби интерфаол хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, ҳужжатнинг тайёрлигини текшириш бўйича махсус хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳужжатни бериш тартиби белгиланади; 

– Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар ва туман бўлинмаларининг вазифалари кенгайтирилади ва шу муносабат билан фуқаролар хорижга чиқиш учун паспорт олиш бўйича аризани Ички ишлар вазирлигининг доимий яшаш жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар/туман бўлинмаларига тақдим этиши мумкин. Айни пайтда ушбу вазифалар Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш вилоят бошқармалари зиммасига юклатилган; 

– ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида “Электрон ҳукумат” тизими имкониятлари орқали керакли барча маълумотномаларни олишни ўзида мужассам этган “ягона ойна” тизимидан фойдаланилади; 

– жорий этилаётган паспортнинг таннархи ва биометрик паспорт тизимига техник хизмат кўрсатиш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, аҳолига ушбу ҳужжатларни бериш бўйича давлат божининг тегишли миқдори белгиланади.