Ирландия молия вазири Паскаль Донохью мамлакат ҳукумати Apple компаниясидан тўланмаган солиқларни талаб қилмоқчи эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Frankfurter Allgemeine Zeitung нашри хабар бермоқда

2016 йилда Еврокомиссия Apple Ирландия ҳукумати ёрдамида Европа Иттифоқига 14,5 млрд долларлик солиқ ва солиқларни тўлашдан бош тортганлик учун фоизларни тўлаши кераклиги ҳақидаги қарорни чиқарган.  

Еврокомиссия терговига кўра, корпорация 2003 йилдан 2014 йилгача Ирландиядаги ноқонуний солиқ имтиёзларидан фойдаланиб, Европадаги даромадларидан 1 фоиз, баъзи пайтларда эса бор-йўғи 0,005 фоизгина солиқ тўлаган.

Донохьюнинг айтишича, Apple наф кўрган қоидалар барча учун умумий бўлган, корпорация билан махсус келишувлар бўлмаган.

“Биз қолган барча учун солиқ йиғувчи давлат эмасмиз”, деб айтган Донохью.

Унинг таъкидлашича, Apple фойдаланган қоидалар Европа ва Ирландия қонунчилигини бузмаган.