Ўзбекистон лотин алифбосида қолгани яхшими ёки кирилл алифбосига қайтиш керакми? Айни вақтда ўзбекистонликлар шу мавзуни кенг муҳокама қилмоқда. Tafsilot.uz сайтида шу мавзудаги яна бир мақола нашр этилди.

Истибдод йилларида миллий мустақиллик учун кураш тилга расмий — давлат тили мақомини бериш учун курашдан бошлангани кўпчиликнинг ёдида. 1989 йил 21 октябрь куни «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.

Орадан икки йил ўтиб, мустақилликка эришилгандан сўнг лотин алифбосига ўтиш ҳаракатлари бошланди, бунинг учун тегишли ҳужжатлар ҳам қабул қилинди, ўтиш муддатлари белгиланди, бироқ қайсидир сабабларга кўра бу иш охирига етмай қолди ва ушбу муаммо ҳақида гапиришга оғзаки тақиқ қўйилди.

Сўнгги бир йил ичида мамлакат ҳаётида рўй берган воқеалар ошкораликка йўл очаётгани сабабли бошқа масалалар қатори ушбу муаммо ҳам тилга олина бошлади ва тез орада унинг ҳал бўлишига умид уйғонди. Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев яқинда «Китоб дунёси» газетаси орқали мамлакат президентига мурожаат қилиб, бошқа масалалар қатори алифбо муаммосини ҳам кўтарди. Ушбу ўта нозик, шу билан бирга, ҳал этилиши мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродасини талаб қиладиган масала ижтимоий тармоқларни жунбишга келтирди.

Ҳатто шу кунларда асли Ўзбекистонда туғилмаган ўзбекларнинг ушбу масала юзасидан Ўзбекистон президентига мурожаати интернетда шов-шувларга сабаб бўлмоқда: «Биз лотин ёзуви орқали ота юртимиз Ўзбекистон билан қайта боғлана олдик!.. Биз Ўзбекистонда туғилмаган ўзбеклар куни кеча ўзбекистонлик бир адабиётшунос «кирилл ёзувига қайтайлик» деган очиқ хатни сизнинг қабулхонангизга юборганини эшитиб, ҳақиқатан яна маънавий алоқамиз узилади деган хавотирга бордик» (услуб ва имлоси сақланди).

Албатта, Шуҳрат Ризаевдай олимнинг ушбу муаммони ҳал этишни истаб, таклифни ўртага ташлагани дуруст — паст-баландни билади. Бироқ унинг «лотин алифбоси, мутахассислар фикрича, тилимиз табиатига унчалик мувофиқ эмас» деган гапини адабиётшунос олимнинг гапи дейиш қийин. Агар бу таклифни у эмас, бирор математик ёки кимёгар олим ўртага ташлаганда, филолог эмас-да деб тушунса бўлар эди. Лекин туппа-тузук олимнинг кўра-била туриб, алифбо ҳақида бунақа фикр билдириши одамни ўйга толдиради.

Келинг, гапнинг пўскалласини айтайлик: янги алифбомизнинг бугунги аҳволи учун алифбо эмас, ўзбек тилидаги товушларни ифода этиш учун мос ҳарфларни танлай олмаган, ўзларича араванинг ғилдирагини янгидан «кашф қилган» тилшунос олимлар айбдор.

Оддий халқ ҳам улардан ижодкорроқ эканки, ижтимоий тармоқларда «ш»ни «w»(дабл-ю) ҳарфи билан ёзмоқда. Ҳатто айрим кишилар ш (sh), ч (ch), ғ (g‘), ў (o‘) ҳарфлари ўрнига бошқа тиллардаги , , , сингари ҳарфлардан фойдаланмоқда. Аммо компьютерда ишлайдиганлар уларни ёзиш учун айни пайтда қабул қилинган алифбомизда ва бинобарин клавиатурада бўлмагани боис бошқа тиллар клавиатурасидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Агар ўша пайтда алифбони мана бунақа тузасан деб бирор валломат буйруқ берган тақдирда ҳам, жаноб валломат, ўзбек тилида мана бунча товуш бор, уларни лотин алифбосида мана бунақа ҳарфлар билан ифода қилиш мумкин деб айтса бўлар эди-ку? Шунда халқ бундай аросатда қолиб кетмас, чорак асрдан бери икки алифбо ўртасида сарсон бўлмас эди.

Филолог сифатида Шуҳрат Ризаевга яхши маълум бўлса керакки, истеъмолдаги кирилл алифбомиз ҳам камчиликлардан холи эмас. Унда рус тилидан ўтган ва ўзбек тилининг табиатига мутлақо ёт, яъни икки товушни ифодалайдиган ҳарфлар (ц, ё, ю, е) ва ҳеч бир товушни ифодаламайдиган ь ҳарфи бор. Ваҳоланки, уларнинг ўрнига етишмаётган унли товушларни ифода қилувчи ҳарфларни, негадир кирилл алифбомизга ўгай бўлиб, кирмай қолган (нг) товушини киритса бўлар эди.

Фонетика илмининг йирик мутахассисларидан бири бўлган СамДУ профессори, раҳматли Худойберди Дониёров бир замонлар ўзбек (кирилл) алифбосидаги унли ҳарфлар мавжуд товушларни ифода қила олмаслигини, фонетикамизда 9 та тилорқа, тилолди, қисқа ва узун унли товуш борлигини тинмай гапириб юрар, тарафдорларим қанча кўп бўлса, бу иш шунча амалга ошади дегувчи некбин эди.

Афсуски, алифбо ўзгариб ҳам, чорак аср мустақил бўлиб ҳам мурод ҳосил бўлмади.

Шу туришда ура-урачилик давом этаверса, яқин орада ҳал бўлиши ҳам даргумон. Ўзи мустақил бўлиб, алифбосини эплай олмаган миллатни, тўғрироғи, унинг олимларини қанақа тушуниш мумкин?

Шу ўринда Шуҳрат Ризаев таклиф қилаётган иккинчи масала, яъни «фурсат ўтмасидан кириллни асосий, лотинни иккинчи алифбо сифатида қонунлаштириш» мутлақо куракда турмайдиган гап.

Биринчидан, Сербия билан Ўзбекистонни ҳисобга олмаганда, ҳеч бир тилда бирйўла иккита алифбодан фойдаланилмайди. Бу аҳоли учун ноқулайликлар туғдириши баробарида иқтисодиёт учун ҳам кўтара харажат — ҳар бир қонун ҳужжати ёки бошқа нарсаларни иккита алифбода чоп қилиш керак.

Иккинчидан, афсуски, бугунги кунда лотин алифбосига ўтиш-ўтмаслик тилшунослик қолиб, географик сиёсат, мустақилликни сақлаб қолиш-қолмаслик масаласига айланди.

Ҳали ҳам империяни қўмсаётган айрим йирик мамлакатлар миллатчилари — улар қаторида ўзимизнинг русчадан бошқа тилни эплаб гапира олмайдиган ва ўзбеклигидан ор қиладиганлар гуруҳи ҳам бор — чорак аср мустақил бўлган халқларнинг ички ишларига ҳам бурун тиқишни ўзига касб қилиб олган.

Мисол излаб узоққа бориш ҳам шарт эмас. Шу кунларда қардош қозоқ халқининг лотин алифбосига ўтмоқчи бўлаётгани сабаб уларнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. Қозоғистон мустақил давлат бўлса, алифбони ўзгартирадими, эртага давлатнинг бошқа бошқарув тизимига ўтадими, нима ишинг бор дейдиган мард йўқ.

Бугунги кирилл алифбосида савод чиқарган ва умр бўйи унда ёзилган китобларни ўқиган зиёлиларни, шу жумладан, Шуҳрат Ризаевни ҳам тушунса бўлади. Уларнинг лотин алифбосида ўқиш кўникмаси йўқ. Лекин миллат, унинг манфаати, мустақиллиги, эгаменлиги ҳамма нарсадан устун туриши керак эмасми?

Барча туркий халқлар лотин алифбосига ўтиб бўлган ёки ўтаётган пайтда биз орқага қайтсак ёки ҳозирги аросатдаги ҳолатимизни икки алифбо тўғрисидаги қонун билан мустаҳкамлайдиган бўлсак, устимиздан ҳамма кулмайдими?

Маҳбуба Иброҳимова
«Iste’mol madaniyati» газетасининг
2017 йил 16 августдаги сонидан олинган