Беруний туман Хоразм кўчасидаги уйда яшовчи фуқаро Гулмира Алламбергенова “Беруний ТЭТК” ходимларидан норозилиги ҳақида ёзма ариза билан жамиятга мурожаат қилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси "Facebook"даги расмий саҳифасида маълум қилди, деб ёзмоқда Kruz.uz.

Аризада кўрсатилишича, истеъмолчининг хонадонидаги электр ҳисоблагичини 2017 йил 21 февраль куни туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан завод рақамининг нотўғри эканлиги ҳамда электр дастурида йўқ, деб далолатнома тузилган. Натижада 35207-001526 сонли ҳуқуқбузарлик далолатномаси тузилиб, жами 1 461 959.55 сўм жарима қўлланилган. 

Мазкур хатога сабабчи бўлган Беруний ТЭТК ходими А.Х жамиятга келиб тушунтириш хатини бериш натижасида, 2013 йил 6 март куни ҳақиқатдан ҳам электр ҳисоблагичини ўрнатилган вақтда завод рақами далолатномага нотўғри ёзиб келганлиги, шу сабабли абонентнинг шахсий картасига далолатнома бўйича киритилганлиги тўғрисида тушунтириш хатини тақдим қилди. Х.А ўзининг хато камчиликларини англагач ўз ихтиёри билан ўз ҳисобидан жами 1 461 959.55 сўм жарима суммасини тўлаб берган.