Элдор Асановнинг имло ҳақидаги таҳлилий мақоласи ва Шуҳрат Шокиржоновнинг ахборот соҳасидаги монополияга барҳам бериш зарурати юзасидан ёзган блогпостини катта қониқиш билан ўқидим. Ўз вақтида, эҳтимол, анча кечикиб айтилган рост гаплар.

Бу икки ҳолатни боғлайдиган жиҳатлар кўп. Авваламчи, Асановнинг мақоласи, ҳеч қурса, шунга яқинроқ савиядаги мақола, аслида ўзини ахборот соҳаси монополи ҳисоблайдиган ЎзА каби ташкилотда босилиши керак эди. Халқ, зиёлилар муҳокамасида турган масалага бу қадар эътиборсизлик бош ахборот маҳкамасига ярашгулик иш эмас... Найласинки, ташкилотда масалани шу тарзда қўя оладиган, алоҳида журъатга, билим савиясига эга ходим йўқ.

Иккинчидан, халқ бир хилликдан аллақачон зериккан. Маълумки, тилни бойитадиган учта манба бор: ёзма адабиёт, оғзаки адабиёт, халқ тили. Бизнинг ЎзА эса халқ тилини менсимай қўйганига неча замонлар бўлган. Шу тариқа жонли тил билан адабий тил ўртасида катта жарлик ҳосил бўлган – бири-биридан жуда узоқ ифода услуби ва равиши.

«Ҳар қандай жараён ҳаракатдаги назария» деган гап бор. Истайсизми-йўқми, жонли халқ тили барибир ҳар-хил назариялар-у қоидалардан устун келаверади. Азалдан шундай. Демак, мақолаларни, бир вақтлар мустабид Наполеон қонунларга ишора қилиб айтганидек, ўта тушунарсиз ва мавҳум услубда ёзиш фурсати битди. Чунки, энди ахборотни сақлаб ўлтириш, беркитиш, исталган тарзда талқин этиш, кишилар шаштини сўндирадиган алфозга тақдим этиш, агар буни жуда хоҳлашган тақдирда ҳам, имконсиз бўлиб қолди.  Бу куннинг қизғин ижтимоий-сиёсий воқеликлари ҳамманинг назарида, виртуал муҳокамалар замонида, халқнинг ўзи ёппасига ахборот тарқатувчига айланган паллада содир бўлмоқда.

Шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг китобига германиялик олима ёзган сўзбошида «тилнинг чарчаганлиги» деган иборани ўқигандим. Унинг қайд этишича, модернистик оқимлар, ноодатий ифода услублари тилга нисбатан ғирром, ўринсиз сиёсат қўлланилган маконда кўпроқ қадрланар, пайдо бўлар экан.  

Ҳар касалнинг ўз шифоси бор, дейдилар. Айни мана шундоқ кунларда фуқаролик журналистикаси – блогерлик кенг тарқалгани, одамларда катта қизиқиш уйғотгани ана шу фактор туфайли бўлса керак. Ахир, одамлар мукаммал «мужмализм»ни эмас, содда, халқчил ифодани, оддийликни соғинган...

Жаноб Шокиржоновнинг фикрларига икки юз фоиз қўшиламан. Мана бир оддий мисол. Президент, айтайлик, S вилоятига ташриф буюрди. Вилоят нашрлари, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида мавжуд бошқа нашрлар мазкур ташрифни илҳақлик, мунтазирлик билан кутишади. Ўзгача руҳий тайёргарлик бўлади. Давлат раҳбари келиб, объектлар билан танишади. Кўп яхши гаплар бўлади. Бироқ, бу тафсилотларни маҳаллий нашрларда, маҳаллий аудитория учун мослаб ёритишга аллақандай сирли тарзда рухсат берилмайди. Кейин улар уйқудан қизаринган кўзини ишқалаб, ЎзА якунини кутишади. Бир маҳал келади ўша зорманда ахборот. Қарасанг, шу қадар биқиқ, умумий, мужмал, қисқа бўладики, Баҳром Назаровнинг қўшиғини ҳиргойи қилиб юборганингни билмай қоласан: «Наҳотки, наҳотки, наҳотки...»

Энг асосийси, мана шу ташриф давомида фақат вилоят, туман, шаҳар аҳолиси учун алоҳида аҳамият ва қизиқишга эга, кенгроқ шарҳлаш мумкин бўлган ўринлар мавжуд бўлади. Бироқ, бу билан кимнинг неча пуллик иши бор...

Умуман, бу оркестрни, ажабтовур томошани ким бошқараяпти, деган савол бор менда. Хуллас, миллий тарихимизда ҳеч қачон кўрилмаган воқелик билан юзлашиб турибмиз – халқ ҳамма замонлардагидан ҳам ахборотга ташна. Воқелик ва ижтимоий кайфиятни бир маромда ушлаб туриш борасида, малакали журналистларга, турфа қарашларга бу қадар эҳтиёж аввал бўлган эмас...

Элдор Асанов каби мулоҳазали, гўзал халқчил ифода услубига эга бўлган филологлар кўпайишини, демократик, либерал қарашлар устиворлиги йўлида курашаётган, жамоатчилик назоратини ўрнатишда давлатга елка тутаётган журналист дўстларимиз ғайрати сўнмаслигини Яратгандан сўрайман.

Айнан мана шундай фикри тиниқ ва қалами ўткир, журъатли зиёлилар Президент командасининг ҳақиқий аъзоларидир, дегим келади...

Беҳзод Қобулов