Маълумки, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан ҳудудларда уюшмаган ёшларга бепул таълим бериш ва уларни касбга йўналтириш мақсадида #XIZMATBEMINNAT ўқув-курслари ташкил этилмоқда. Жумладан, ана шундай бепул ўқув курслардан 17 таси Жиззах вилоятида ташкил этилди. Мазкур курсларда 140 нафарга яқин уюшмаган ёшларга қўшимча билим берилди, касб-ҳунарга йўналтирилди.

Партиянинг “Хизмат-беминнат” ўқув курслари лойиҳаси Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга оид белгиланган вазифаларни амалга ошириш, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Мазкур ўқув курслари уюшмаган ёшларга бепул қўшимча билим бериш, соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.

“Хизмат-беминнат” ўқув-курсларида таҳсил олган уюшмаган ёшлар жорий йилнинг 1 август куни мамлакатимизда турли олий ўқув юртларига кириш имтихонларини топшириб, ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Ва нихоят, 2017 йилнинг 15 август санасида барча абитуриенлар ва уларнинг ота-оналари орзиқиб кутган кун - ОТМга кириш учун бўлиб ўтган тест синовлари натижалари эълон қилинди. Шу куни ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгашига ажойиб ҳушхабар етиб келди. Жиззах Давлат педагогика институти ўқитувчиси Сардор Ўсаров раҳбарлик қилган “Хизмат-беминнат” ўқув-курсида таҳсил олган ёшларнинг икки нафари талаба деган номга сазовор бўлди. Жумладан, Жиззах вилояти, Зафаробод тумани, Писталикент шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи Жуманов Шоҳрух Жиззах давлат педагогика институти Физика математика факултети информатика йўналишига 2 ўринда давлат гранти асосида, шунингдек, Жиззах шаҳар Ҳамза маҳалласида яшовчи Абдуғаниев Айросиёб Тошкент ахборот технологиялари университетининг Дастурий инжиниринг йўналишига тўлов шартнома асосида талабаликка қабул қилинди. 

IMG_0473.JPG

- Мен ёшлигимдан физика фанига қизиқаман. Ўтган йили касб-ҳунар коллежини тамомлаб, ОТМга шу йўналиш бўйича хужжат топширдим. Аммо, кириш имтихонларида кўзланган натижага эришолмадим. Ўқишга бўлган қизиқишим сабабли билимимни янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча ўқув-курсларида ўқишни режа қилдим. Лекин баъзи сабабларга кўра менда шу йўналиш бўйича ўқиш имконияти бўлмади. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Хизмат-беминнат” ўқув курслари ташкил этилганлигини эшитиб хурсанд бўлдим ва биринчилардан бўлиб ўқишга ёзилдим, - дейди Шоҳрух Жуманов ўз ҳаяжонларини яширолмай. - Мазкур курсда ўқитувчимиз Сардор Ўсаров раҳбарлигида физика фанидан билимларимни мустаҳкамладим. Мана бугун эса талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлдим. Менга шундай имкониятни яратиб берган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мен айни дамда партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоли ҳам бўлиб, бу каби лойиҳаларни ташкил этилганлиги партия ёшларни қўллаб-қувватлаши бош мақсадларидан бири эканлигини англаб етдим.

Жиззах шаҳридаги 9-сонли мактабда ташкил этилган “Хизмат-беминнат” ўқув курсида 13 нафар ёш бепул таълим олди. Мазкур курсга Жиззах давлат педагогика институти ўқитувчиси Сардор Ўсаров раҳбарлик қилди.

Сардор Ўсаров:

- Ёшлар орасида истеъдодли, билимли ва изланувчан ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо, баъзиларида ўқиш имконияти бор, баъзиларда эса афсуски имкониятлар чекланган. Мен ўзим кўпдан буён шу каби муаммоларнинг ечимини излардим. ЎзМТДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур лойиҳани шахсан мен катта қизиқиш билан қарши олдим. Уюшмаган ёшларни бирлаштириб, уларга таълим беришни мақсад қилгандим. Бу мақсадимни амалга оширишда партиянинг хизмати катта бўлди. Лойиҳанинг самарасини ўқув курси иштирокчилари Жуманов Шоҳрух ва Абдуғаниев Айросиёб мисолида яққол кўриб турибмиз.

Улуғбек Мустафоев, 
ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши Матбуот котиби