«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду Испания суперкубогида қизил олгандан сўнг ҳакамни итариб юборгани учун 5 ўйинга дисквалификация қилинганини изоҳлаб ўтди.

«Бу ҳолатда хотиржам бўлишнинг мутлақо иложи йўқ. Бешта ўйин-а! Муболаға қилиб айтилганда бу жуда кулгили ҳолат ва атайлаб қийнашдан бошқа нарса эмас! Жамоадошларим ва мухлисларимга қўллаб-қувватлаётганлари учун ташаккур билдираман», — деб ёзган Роналду ўзининг «Инстаграм»ида.

Роналду 13 август куни «Барселона»нинг уй стадиони «Камп Ноу»да бўлиб ўтган, «Реал»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган Испания суперкубогининг биринчи ярим финалидаги хатти-ҳаракати учун беш ўйинга четлатилган. «Қаймоқранглилар»нинг ҳужумчиси ҳакамни туртгани учун тўрт ўйинга, қизил карточка олгани учун бир ўйинга дисквалификация қилинган. Жазо Испания чемпионати ўйинларига ҳам таъсир қилади.

Шундай қилиб, Роналду 17 август куни бўлиб ўтадиган суперкубокнинг жавоб учрашувида «Реал»га ёрдам бера олмайди. Шунингдек, у «Депортиво» (20 август), «Валенсия» (27 август), «Леванте» (9 сентябрь) ва «Реал Сосьедад» (17 сентябрь) жамоаларига қарши бўлиб ўтадиган Ла Лиганинг тўрт учрашувида майдонга туша олмайди.