Вазирлар Маҳкамасининг 10.08.2017 йилдаги 609-сон қарори билан «Ўзагроэкспорт» АЖ томонидан олдиндан ҳақ тўланмасдан, тасдиқланган банк аккредитиви очмасдан, ёхуд биринчи даражали хорижий банкнинг кафолатини расмийлаштирмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиниши мумкин бўлган етакчи чет эл импорт қилувчи ташкилотлар рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Рўйхатда ҳаммаси бўлиб Россия Федерациясида жойлашган 6 та ташкилот бор. Унга «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК таклифига биноан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бунда чет эл импорт қилувчи ташкилотларни рўйхатга киритиш мезонлари қуйидагича:

•  мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси соҳасида камида 3 йил мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш;
•  чет эл импорт қилувчи ташкилотнинг охирги ҳисобот молия йили учун товар айланмаси камида 1 млн. АҚШ доллари;
•  камида 20 та савдо шохобчасидан иборат савдо тармоғининг мавжудлиги ва (ёки)  улгуржи-тақсимот марказининг мавжудлиги.

Кўрсатилган ахборот компанияларнинг расмий веб-сайтлари ва Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари маълумотлари асосида шакллантирилади.

Экспорт “Ўзагроэкспорт” АЖнинг тўғридан-тўғри экспорт контрактлари, шунингдек фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш ташкилотлари билан тузилган воситачилик шартномалари асосида амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, контрактлар мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилишга ихтисослашган чет эл савдо тармоқларининг аффилланган компаниялари билан бошқарувчи компаниянинг ёзма мурожаати асосида тузилиши мумкин.