Шавкат Мирзиёев 17 август куни «Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.

Давлат муассасаси шаклида ташкил этилган жамғарманинг кичик тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шаклда молиявий ёрдам кўрсатиш асосий вазифаси этиб белгиланди:

а) кичик тадбиркорлик субъектларига мазкур қарорда қайд этилган мақсадларга кредит ажратиш учун тижорат банкларига, жумладан, хорижий кредит линияларини жалб қилиш ҳисобидан ресурслар ажратиш;

б) кичик тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача, аммо 500 минг доллардан кўп бўлмаган ёки унга эквивалент ҳажмдаги кредитлари бўйича кафил бўлиш;

в) тижорат банкларининг қиймати 1 миллион доллардан ошмайдиган миқдордаги кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги эквивалентда компенсация бериш:

миллий валютада — қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкасида — Ўзбекистон Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 40 фоизигача бўлган миқдорида;

хорижий валютада — тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, аммо 3 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда.

Жамғарма бош битимлар асосида тижорат банклари орқали миллий ва хорижий валютада кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлайди ва тижорат банкларига ресурсларни тақдим этади.

Жамғарма тижорат банкларининг кредитлари бўйича кафолат ва компенсациялар, шунингдек, тижорат банкларига қуйидаги соҳаларда лойиҳалар амалга оширилишини молиялаштириш учун ресурслар тақдим этади:

қишлоқ хўжалигида, биринчи навбатда, энергия самарадорлиги юқори замонавий иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, узумчилик ва боғдорчиликни, шу жумладан, интенсив боғларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида — мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича инфратузилма ва ушбу маҳсулотларни транспортировка қилиш билан боғлиқ логистика марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар;

кўп квартирали уйларда умумий фойдаланиладиган жойларни хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ва таъмирлаш лойиҳалари;

тадбиркорлик фаолиятининг Маҳкамаси белгилайдиган бошқа йўналишларидаги лойиҳалар.