Маврикий оролидан Амстердамга парвоз қилаётган самолётнинг аёл йўловчиси экипажнинг унга тиббий ёрдам кўрсатишга уринишларига қарамасдан, қанд касаллиги хуружи сабабли самолётнинг ўзида жон берди. Бу ҳақда Dogan ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Turkish Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт 16 август кечки вақт Маврикий пойтахти Порт-Луидан Истанбулда қўниш билан Амстердамга учиб кетган. Келиб чиқиши нидерландиялик бўлган 68 ёшли йўловчи самолёт ҳавога кўтарилгандан кўп ўтмай қанд касаллиги хуружи сабабли кома ҳолатига тушиб қолган. Самолёт экипажининг йўловчига ёрдам кўрсатишга ҳаракатлари беҳуда кетган ва у ҳушига келмай, самолётда вафот этган.

Самолёт 17 августда Истанбулга қўнгач, аёл жасади маҳаллий ўликхонага етказилган, самолёт эса Амстердамга парвозини давом эттирган.