-  Ким бу? 

-  Узр, адашибман, шекилли...

Чамангул (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бегона йигит билан ортиқча гаплашишни истамай, телефонни ўчирди. Кўп ўтмай телефон яна жиринглади. Қараса, яна ўша рақам, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

-  Эшитаман...

-  Кечирасиз, исмингизни билсам бўладими?

Чамангул йигитнинг сурбетлигидан жаҳли чиқди.

-  Исмимни нима қиласиз, сизни танимасам, - дея йигит жеркиб берди.

-  Нотаниш бўлсак, энди танишамиз-да, яхши қиз. Намунча қўполлик қилмасангиз. Чиройли овозингиз бор экан, шу боис сиз билан танишгим келди.

Йигит узоқ гапирди. Хушомадлар қилиб, қизнинг юрагига чўғ ташлади. Чамангулнинг аввалига жаҳли чиққан бўлса, кейин йигитнинг сўзларига маҳлиё бўла бошлади. Гап орасида исмини ҳам айтиб юборганини сезмай қолди.

-  Менинг исмим Дилшод. Сизга телефон қилиб турсам бўладими?

Дилшод қизнинг жим қолганини розилик аломатига йўйди.

Телефон орқали узундан-узун суҳбатлар бошланди. Йигитнинг чиройли сўзлари, севги изҳорлари қизнинг оромини буткул ўғирлади. 

-  Бир учрашмаймизми? 

-  Билмадим, уйдагилар билиб қолса, гап эшитаман.

-  Қўрқманг, ҳеч ким кўрмайдиган, ҳеч ким билмайдиган жойда учрашамиз, - деди Дилшод қизнинг йўқ дея олмаслигини сезиб. Қишлоқ жойда қиз бола билан учрашиш мушкул иш эканлигини, бирор киши кўриб қолса, ортиқча ғалва чиқиши мумкинлигини йигит яхши биларди. Шу боис қизни Қарши шаҳрига таклиф қилди.

Биринчи учрашув иккисига ҳам маъқул бўлди. Шаҳар айланиб бўлишгач, Дилшод қизни ўртоғининг ижарадаги уйига бошлаб борди.

-  Бу ерда нима қиламиз, Дилшод ака?

Қиз уйга кираркан, хавотирланиб хоналарга назар ташлади. Дилшод эса жавоб бериш ўрнига уни маҳкам бағрига босди.

Кейинги учрашувда Дилшод қизни яна ўша хонадонга бошлади. Чамангул йигитнинг ваъдасида туришига қаттиқ ишонганди. Аммо...

Қалбида муҳаббат бор бўлган одам ҳеч қачон бировга ёмонлик қилмайди, тубанликка юз тутмайди. Бироқ Дилшоднинг кўнглида... Чамангул эса унинг севги-муҳаббат ҳақидаги ҳавойи гапларига лаққа ишонди. Қандай қилиб унинг уйланиш, бахтли оила ҳақидаги уйдирмаларига учиб, номусидан айрилганини билмай қолди.

-  Дилшод ака, энди нима бўлади? – Қиз ҳалигина йўл қўйган катта хатосининг оқибатини ўйлаб, йиғлай бошлади. – Ота-онамнинг юзига қандай қарайман?

-  Хавотирланма, тез кунда совчи юбораман. Бу ишни ҳеч ким билмай қолади.

Бу гапдан сўнг қизнинг хавотири бироз тарқагандек бўлди.

Кейинги учрашувларда иккиси ҳам ўзини анча эркин тутди. Хилватларда ойларни ўтказишди. Ҳар гал уйланиш ҳақида гап очилганида Дилшод гапни бошқа ёққа буриб, уни чалғитишга уринарди. Яширин учрашувлар “меваси”ни берганда йигит типирчилаб қолди.

-  Қанақасига ҳомиладор бўласан? Ақлинг жойидами сени? – Дилшод Чамангулни сиқувга олди. Кейин бунга аниқлик киритиш учун қизни шифохонага олиб борди.

-  Табриклайман, яқинда ота бўласиз.

Шифокор ҳомила 18-19 ҳафталик бўлганини айтганида Дилшоднинг пешонасини совуқ тер босди. Ногоҳ миясига ёвуз фикр келди: агар боладан қутулмаса, қиздан ҳам осонликча қутула олмайди.

-  Менга қара, агар болани олдирмасанг, сенга уйланмайман!

Ҳар лаҳзани қўрқув билан ўтказаётган қиз Дилшоднинг бу талабидан сўнг гангиб қолди. Бир шармандалик иккинчисини етаклаб келаётганини ич-ичидан сезиб турса-да, йигитнинг талабига йўқ, дея олмади.

Ҳомилани олдириш мақсадида Дилшод Чамангулни етаклаб бир нечта шифокорга учрашди. Бироқ ҳомила катта бўлиб қолгани учун ҳар сафар рад жавобини олди. Кейин эса таниш-билишлари орқали бу ишни қила оладиган шифокорни суриштира бошлади.

-  Шифокор топдим, - деди Дилшод бир куни. – Тайёр тур, эртага Самарқандга борамиз. Ўша ерда болани олдирасан.

Эртаси куни улар Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманига боришди. Дилшод Чамангулни Феруза исмли аёлнинг уйида қолдириб, ўзи танишларининг олдига кетди.

Феруза ишининг “устаси” эди. Чамангулга нима қилиши кераклиги тушунтириб, қўлига бир нечта дори берди. Қиз дориларни ичаркан, қорнида пайдо бўлаётган оғриқдан ҳушини йўқотаёзди. Тун бўйи аъзойи бадани ёниб, қора терга тушди. Тонг ёриша бошлаганда, оғриқ бироз пасайгандек бўлиб, юраги бўшаб қолганини сезди.

Эрталаб Дилшод келганида барча муаммо ҳал этиб бўлинган эди. У Ферузага хизмати учун бир миллион сўм бериб, қиз билан ортига қайтди. Йўл-йўлакай зўр ташвишдан қутулганини, энди у билан орани очиқ қилиш мумкинлигини ўйлаб келди.

Чамангул Дилшоднинг совчиларини узоқ кутди. Совчилар тугул, авваллари кунда ўн бор қўнғироқ қиладиган йигитдан ҳафталар ўтса ҳам дарак бўлмади. Чамангул бу аҳволда бошқа бир йигитга тега олмаслигини ўйлаб, эзилгандан эзиларди. Бора-бора алданганини, Дилшод унга ҳеч қачон уйланмаслигини билиб, бўлиб ўтган воқеалар хусусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан мазкур иш атрофлича кўриб чиқилиб, Дилшод Ҳотамовга энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шу билан бирга суд унинг ҳисобидан Чамангул Келдиева фойдасига 3 миллион 500 минг сўм миқдорида маънавий зарар ундириш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Ўткинчи ҳис-туйғулар бир қизнинг бахтини, келажагини барбод қилди. Ваҳоланки, у бундай кўйга тушмаслиги ҳам мумкин эди...