Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
 
Маълумки, 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида маданият, адабиёт ва санъат соҳасини, жумладан, тасвирий санъат йўналишини ривожлантириш борасидаги долзарб вазифаларни белгилаб, уларни ҳал этиш йўлларини кўрсатиб берди. Ўтган қисқа муддатда ана шу таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан 10 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Куни кеча имзоланган «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор шу йўналишдаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди.

Қарорда халқимизни тасвирий санъат намуналаридан баҳраманд этиш ва дизайн йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарни юксак даражада ифода этишга эришиш, юртимизда ўтказилаётган кўргазмаларнинг бадиий савиясини ошириш, рассомлик ва дизайн соҳасига ихтисослашган таълим тизимини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Шунингдек, жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлган ўзбек тасвирий ва амалий санъати мактабларининг анъаналарини сақлаш ва давом эттириш, замонавий дизайн йўналишлари бўйича фаолият юритаётган истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди. 

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, мазкур қарор асосида Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ва мазкур дастурни амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди.

Қарорда мамлакатимиз маданий ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қанча масалаларга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш мақсадида жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ушбу йўналишдаги таълим муассасалари, ташкилотлар, маданият ва санъат усталари ўртасида ўзаро фойдали тажрибалар алмашишни йўлга қўйиш мақсадида ҳар томонлама ижодий алоқаларни ривожлантириш белгиланган. 

Ушбу қарорда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн анъаналарини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Яна шуниси муҳимки, қарорда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишидаги ижодкорларни рағбатлантириш, шунингдек, болалар санъатини ривожлантириш, Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасалари фаолиятида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ва ўрта махсус таълим муассасалари учун бошланғич бадиий таълимни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шунингдек, қарорда тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандлиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, халқаро ижодий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламда кўргазмалар ўтказиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, конференция, биеннале ва бошқа анжуманлар ўтказишга алоҳида урғу берилган.

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Содиқ Азимов кўчаси, 35-уйда жойлашган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳудудида Ўзбекистон Бадиий академияси биносини қуриш ишларини ташкил этиш ҳам қарорда кўзда тутилган.

Айни вақтда Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Фанлар академиясининг мамлакатимиз музейлари фондларини мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ва асарлар қийматини ижодий ва моддий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда белгилаш қайд этилган.

Шу билан бирга, қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошида Бадиий экспертлар кенгашини ташкил этиш, мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий экспертлар кенгашининг қарорига асосан сотиб олиниши таъкидланган.

Шунингдек, 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари учун энг кам иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида ойлик гонорар тўлаш тизими жорий этилади ва ушбу гонорар маблағлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Мухтасар айтганда, мазкур қарор Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, унинг иш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Ижодкорларни ҳар томонлама моддий ва маънавий рағбатлантириш, истеъдодли ёшларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш, рассомлик ва дизайн санъати соҳасида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, халқимизнинг тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги бадиий меросини асраш ва кейинги авлодларга етказиш, юртдошларимизнинг тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги эстетик эҳтиёж ва талабларини қаноатлантиришда бу ҳужжат кенг имкониятлар яратиб беради.