Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида “Қоғоз саноати: бугуни ва истиқболи” мавзуcида Республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. 
  
Ўзбекистон қадим-қадимдан қоғоз ишлаб чиқариш масканларининг бешикларидан бири ҳисобланади. Самарқанд қоғозларини олайлик. Бу қадим ва ҳамиша навқирон шаҳарда қоғоз VIII асрдан бошлаб ишлаб чиқарилган. Довриғи эса “Самарқанд султон қоғози”, “Самарқанд шойи қоғози”, “Мир Ибрагимий”, “Нимканоп” номлари остида жаҳонга ёйилган. Бир сўз билан айтганда, бутун дунёга “Самарқанд қоғози” номи билан машҳур бўлган.

Самарқанд қоғозининг таърифи ҳақида буюк санъаткор-хаттот Султон Али Машҳадий шундай ёзади: “Ҳар қанча синасанг ҳам Хитой қоғозидан яхшиси йўқ. Аммо Самарқанд қоғози бебаҳодир... Ундаги ёзув равон ва гўзал бўлади”. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса: “Оламда яхши коғаз Самарқанддин чиқар, Жувози коғазлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу қора сувни Обираҳмат ҳам дерлар”, дея юксак эътироф этади.

Бугун мамлакатдаги нашриётлар томонидан йилига 3,0 минг номдан зиёд, умумий адади 60,0 млн. нусхадан ортиқ турли китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда.

Табиийки, газета-журнал, ахборотнома-бюллетень, китобларни чиқариш учун Ўзбекистонда қоғозга бўлган талаб катта.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 
3 августдаги мамлакат ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида адабиёт ва санъат, маданият билан бир қаторда оммавий ахборот воситаларини янги босқичга олиб чиқиш масаласига алоҳида урғу берилди. Учрашувда республикада қоғоз ишлаб чиқаришни ривожлантириш, бу борада матбаа корхоналарининг импорт ўрнини босадиган юқори сифатли қоғоз хом ашёси билан таъминлаш масаласи ўртага ташланди.

Ҳозирги кунда республикадаги қоғоз хом ашёсига бир йиллик эҳтиёж жами 350 минг тонна бўлса, шундан 120 минг тоннадан зиёди офсет ва газета қоғозигадир. Китоб, журнал, газета, ўқув дафтари, офис қоғози ва бошқа оқ қоғоз ва босма маҳсулотлари айнан офсет ва газета қоғозидан ишлаб чиқарилади. Мамлакатимиздаги матбаа корхоналарида асосан чет эл қоғозлари ишлатилади.

Республикада сифатли қоғоз ва целлюлоза ишлаб чиқаришни ташкил қилиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунда чет эл тажрибаси ўрганилиб, замонавий ускуналар ўрнатиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Анжуманда целлюлоза ва ёғочсозлик соҳасидаги олимлар, қоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналари раҳбарлари ва мутахассислари, истеъмолчилар – матбаа корхоналари раҳбарлари ва технологлари иштирок этиб, Ўзбекистонда қоғоз ишлаб чиқаришнинг ҳолати ва истиқболлари, матбаа корхоналари ва истеъмол бозорини офсет қоғози билан таъминлаш масалалари, маҳаллий целлюлоза ишлаб чиқириш каби мавзулар муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда сифатли қоғоз ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш борасида қилинаётган ишлар бўйича фикр алмашилиб, мавжуд муаммолар ечимини топиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.