Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Шунга қарамай, айрим ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан республикамизга олиб кирилаётган товар-моддий бойликларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш чоғида божхоначиларни чалғитишга қаратилган уринишлар учраб турибди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизматининг Кун.uz’га хабар беришича, яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ана шундай уринишлардан бир нечтасини фош қилиб, катта миқдордаги товар моддий бойликларнинг ноқонуний равишда олиб кирилишига чек қўйдилар.

Жумладан, “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Хитойдан пойтахтимизда фаолият юритувчи “Grand Sport-Tex” масъулияти чекланган жамият номига келган темир йўл контейнери юк эгаси ва холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.

Маълумки, божхона таомилларига кўра юклар божхона расмийлаштируви тугагунига қадар, вақтинча сақловга олинади. Кейин эса эркин муомалага чиқарилади. Айни шу жараёнда юк эгалари томонидан айнан бир турдаги товар учун турли хил маълумотлар тақдим қилингани божхоначиларда шубҳа уйғотди. 

Контейнердаги 96 тўпдан иборат салкам 5 минг квадрат метр матоларни божхона юк декларациясида дастлаб Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги бошқа код, яъни автомобиллар салони учун мўлжалланган гиламга ўхшаган газмол сифатида қайд этувчи код билан белгилашади. Эркин муомалага чиқаришдан олдин эса автомобиллар салони учун мўлжалланган бўялган синтетик тўқима мато сифатида белгилаб, товар кодини ўзгартиришади.

Ваҳолангки, ўтказилган божхона экспертизалари ҳамда суд-экпертиза хулосаларига кўра, ушбу газламалар бутунлай бошқа код билан таснифланувчи намат тусидаги мато эканлиги аниқланди.

Шу тариқа тегишли кодларни ўзгартириш орқали қонунбузарлар 62 млн. сўмдан ортиқ божхона тўловларидан бўйин товлашгани фош бўлди. 

Мазкур ҳолат юзасидан “Grand Sport-Tex” масъулияти чекланган жамият раҳбари Р.Исматуллаев ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилди.

Шунингдек, мазкур пост ходимлари Хитойдан келтирилган яна бир контейнерни божхона кўригидан ўтказиш давомида навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош қилишди. 

Контейнердаги “Cen Chen Textile Group” МЧЖ номига келтирилган юкларни кўздан кечириш давомида, йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилган паҳмоқ матолар белгиланган миқдордан кам эканлиги, аксинча уларнинг ўрнига тайёр маҳсулот ҳисобланувчи 7200 дона болалар адёллари келтирилганлиги маълум бўлди.

Шу тариқа қонунбузарлар қиймати 180 млн. сўмлик адёлларни божхона назоратидан яширишга уринишгани фош бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан “Cen Chen Textile Group” МЧЖ директори У.Юнусовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига биноан ҳужжатлар расмийлаштирилди.