Сўнгги вақтларда АҚШ президенти Дональд Трампнинг Хитойга нисбатан таҳдидлари ҳақида хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Аслида, Трамп апрель ойидаги Си Цзиньпин билан Флоридадаги учрашувида жуда дўстона мулоқот ўтказганидан таассурот пайдо бўлганди. Кейинчалик, Америка маъмурияти Америка гўшт етказиб берувчилари ва молиявий хизматларининг Хитой бозорида кенг иштирок этиши бўйича келишувлар ҳамда Шимолий Корея масаласи борасида ҳамкорлик ҳақида сўз юрита бошлади. Аммо, бир ойлар муқаддам бу дўстлик барҳам топди. Айни вақтда нима юз бермоқда ва нима учун шундай бўлмоқда? CNN масалага ўз ёндашувини эълон қилди.

1. Нима учун ҳамманинг ёдига Хитой билан савдо масаласи тушиб қолди? 15 августда АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат савдо вакили Роберт Лайтхизерга мурожаат қилиб, Хитой АҚШ билан имзолаган савдо келишувларини бузаётгани ёки йўқлигига ойдинлик киритишни сўради. 

2. Муаммо нимада? Лайтхизер Хитой ўзида бизнес фаолияти юритувчи Америка компанияларининг қимматли тижорий сирларини ҳақиқатдан ҳам ўғирлагани ёки йўқлиги, ёхуд уларни ўз инновация режаларини тақдим этишга мажбурлаганини аниқлаши керак.  Америка компанияларининг таъкидлашича, Хитой уларни тижорий сир ҳисобланувчи маълумотларни ошкор қилишга мажбурлайди. Бунинг эвазига уларни қиизиқтирган бозор очиб берилади. Таҳлилий марказлар, соҳавий гуруҳлар ва АҚШ ҳукуматига кўра, Пекин компьютер тармоқларини бузиш, йирик технология компанияларини кузатиш билан шуғулланади. Хитой томони бу даъволарни рад этади. 

3. Хитой импортига бож жорий этиладими? Бу унчалик мажбурий чора эмас. Трамп директивани имзолагач, Лайтхизер терговни бошлашини билдирди. Агар АҚШ ҳукумати қоидабузарликларни исботловчи далиллар топса, Трамп Хитой маҳсулотларини импорт қилишга тарифларни жорий этиши мумкин. 

4. Бу Шимолий Корея билан боғлиқдир, балки? Трамп ўзининг сайловолди кампаниясида Хитойнинг халқаро савдодаги амалиётлари хусусида жуда кўп гапирди. Бироқ у апрель ойида Пекиннинг Корея ярим ороли масаласида ёрдам бериши эвазига ўз фикрларидан қайтганини билдирди. Яъни Хитой Шимолий Кореяга ядро дастуридан воз кечиши учун босим ўтказиши керак эди. Аммо, амалда Пхеньян билан кескинлик кучайди ва Трамп бўлаётган ишлардан лол қолаётганини яширмади. Шимолий Корея Америка қитъасига ета оладиган баллистик ракета синовини ўтказганидан сўнг, Трамп Twitter саҳифасида шундай ёзган эди: 

«Мен Хитойдан умуман кўнглим қолди. Бизнинг аввалги аҳмоқ етакчиларимиз уларга йилига юз млрдлаб доллар ишлашига йўл қўйиб беришди, аммо ... улар биз учун Шимолий Корея билан ҳеч нарса қилаётгани йўқ, шунчаки сўзда. Биз бошқа бунга йўл қўя олмаймиз. Хитой осонгина бу муаммони ҳал эта оларди!».

5. Хитой нима демоқда? China Daily давлат нашрининг ёзишича, Трамп маъмуриятининг сўнгги қадамлари «Хитой ва АҚШ муносабатларини заҳарлаши мумкин». «Корея ярим ороли ва савдо муаммолари иккита турли муаммодир. Бир масалани ҳал этиш мақсадида иккинчисидан фойдаланиш мумкин эмас». Хитой ТИВ матбуот котиби Хуа Чунь Ин журналистларга шундай баёнот берган эди. Унинг сўзларига кўра, дунёнинг икки йирик иқтисодиётининг савдо урушида ғолиблар бўлмайди.