Барселонада 17 августда амалга оширилган теракт ижрочиси деб гумон қилинган шахс Дрисс Укабир Сопрано полициясига келиб, жиноятга алоқаси йўқлигини айтди. Укабирнинг айтишича, унинг ҳужжатлари ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда La Vanguardia нашри хабар бермоқда. 

Укабир Риполь муниципалитети полициясига келган. Аввалроқ полиция гумонланувчи сифатида унинг суратларини тарқатганди. Укабирнинг айтишича, теракт амалга оширилган вақтда у уйида бўлган. Айни вақтда полиция Укабир нега ҳужжатлари йўқолгандан кейин дарҳол полицияга мурожаат қилмаганини аниқлаштирмоқда.

Таъкидланишича, теракт амалга оширилган машина Укабир номига ижарага олинган бўлган.

Бундан ташқари, Укабирнинг ҳужжатларини унинг укаси терактни содир этиш мақсадида ўғирлаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Унинг ёши 18 да бўлиб, исми Мусса Укабир. Ҳозирда полиция уни қидирмоқда.

17 августда Барселонанинг Рамбла кўчасида микроавтобус ҳайдовчиси пиёдалар устига бостириб борган. Оқ рангдаги Fiat ҳайдовчиси пиёдалар светофорнинг яшил рангида кўчани кесиб ўтаётганларида уларга бориб урилган. Сўнгра пиёдалар ҳудуди бўйлаб яна 530 метр юриб ўтиб, киоскка бориб урилган ва воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган. 

Бу ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 100 дан кўпроқ одам жароҳатланган. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.